Туризм учун оғир йил
Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йил дунё халқлари учун оғир, синовли йил бўлди. Давлатлар чегараларининг ёпилиши, иқтисодий қийинчиликлар ҳар бир мамлакатнинг асосан ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб, вазиятни барқарор ушлаб туришини, биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашини тақозо этди. Бундай пайтда одамлар кўнглига сайёр-у саёҳат сиғмади, истаганларида ҳам бунга имконият бўлмади. Табиийки, бу дунё туризм индустриясига салбий таъсир кўрсатди.
Бизда-чи? Энди-энди етакчи тармоққа айланишга интилаётган сайёҳлик соҳасида 2020 йил натижалари, хулоса ва сабоқлар нималардан иборат бўлди? Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Дилшод Нарзиқулов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
Пандемиянинг салбий таъсиридан энг кўп зарар кўрган соҳа
– Якунига етаётган йил барча соҳалар учун оғир бўлди, лекин бунинг таъсири бизга кўпроқ сезилди, – дейди Д.Нарзиқулов. – 2020 йил давомида Самарқандга 700 мингдан ортиқ хорижий ва 2,5 миллион маҳаллий сайёҳ келиши кутилган эди. Афсуски, бу рақамлар рақамлигича қолди. Туристлар сони ва уларга кўрсатиладиган туристик хизматлар экспорти кескин камайди. Агар 2019 йилнинг тўққиз ойида вилоятимизга 281 минг 200 нафар хорижий, 1 миллион 281 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган бўлса, бу йил чет элликлар 49 минг 500 нафарни, маҳаллий туристлар эса қарийб 474 минг нафарни ташкил этди.
Вилоятдаги 307 та жойлаштириш воситаларида 120 минг нафар хорижий сайёҳларга жойлар банд қилинган эди. Саёҳатлар бекор қилиниши оқибатида жойлаштириш воситалари 95 миллиард 300 миллион сўмлик тушумлардан маҳрум бўлди. Энг ёмони, туризм йўналишидаги 331 та корхона фаолияти тўхтатилиб, 4530 киши вақтинча ишсиз қолди.
– Лекин мана шундай шароитда давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари, йирик ва кичик корхоналарга бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Бундан туризм соҳаси вакиллари ҳам бебаҳра қолмагандир...
– Албатта, берилган имтиёз ва енгилликлар бизнинг соҳа вакиллари учун ҳам катта мадад бўлди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан туристик хизмат кўрсатувчи корхоналар ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар жорий йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди, уларга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 майдаги ПФ-6002-сонли фармони, ПҚ-4755-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги 433-сон қарорига асосан меҳмонхона ва туроператорлик ташкилотларига, гидлар, ҳунармандлар, овқатланиш шохобчаларига 12 турдаги имтиёз, грант, субсидия ва ссудалар ажратилмоқда. Мисол учун, жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида ва туроператорлар учун 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда бир марталик, 12 ой муддатга фақат ташкилотнинг бевосита штатлар жадвалига киритилган ходимларнинг иш ҳақини тўлаш учун ссуда берилади. Бугунги кунда қадар вилоятимиздаги 200 та тадбиркорлик субъекти бу имтиёздан фойдаланиб 5 миллиард 899 миллион сўм миқдорида ссуда олиш истагини билдирди. Ҳозирча 24 тадбиркорлик субъектига 1,3 миллиард сўм миқдоридаги ссуда ажратилди. Қолган 27 тадбиркорлик субъектининг мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан ахборот дастурлари ва хизматларини қисман субсидиялаш учун 208 миллион сўмлик 7 та лойиҳа ҳужжатлари топширилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг харажатлари, олдин олган кредитларини қоплаш учун 41 та тадбиркорлик субъекти томонидан
71 миллиард 514 миллион сўм миқдоридаги кредитларни қисман субсидиялашга талаб мавжудлиги аниқланди.
Бугунги кунда вилоятимизда мавжуд 750 дан ортиқ туризм тадбиркорлик субъектининг 50 фоиздан кўпроғи давлатимиз томонидан берилган имтиёзлардан фойдаланди.
Карантинда ҳам иш давом этди, янги лойиҳалар ишга тушди
– Яқинда Самарқандда бир қатор янги туристик объектлар фойдаланишга топширилди. Демак, пандемия шароитда ҳам белгиланган лойиҳалар амалга оширилмоқда...
– Ҳа, тадбиркорларимиз карантин пайтида ҳам бекор ўтирмади. Белгиланган қоидаларига амал қилган ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борди. Бунинг натижасида йилнинг ўтган даврида 43 та туристик лойиҳа ишга туширилди. Яъни, 754 ўринли 15 та меҳмонхона, 274 ўринли 28 та оилавий меҳмон уйлари фойдаланишга топширилди. 15 та туроператорлик фаолияти йўлга қўйилди, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 13 та замонавий микроавтобус харид қилинди. 3 та туристик объектга олиб борувчи йўлларда таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари олиб борилди. Сайёҳлар учун шаҳар ташқарисида 22 та янги туристик маршрутлар ташкил этилди.
Самарқандда туризм соҳасида бажарилган энг муҳим ишлардан бири - бу Самарқанд туманидаги “Конигил” маҳалла фуқаролар йиғинида юртимиздаги биринчи “Туризм қишлоғи”нинг ташкил этилгани бўлди. Мазкур қишлоқда Сиёб ариғи бўйлаб 38 та янги туристик объект, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва жойлаштириш воситалари ташкил этилди. Бу сайёҳларнинг вилоятда қолиш кунларини узайтириш билан бир қаторда, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг қўшимча даромад олишини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади. Чунки, мазкур лойиҳани амалга оширишга маҳалла аҳолисининг барча қатлами жалб қилинди. Улар ўз хонадонларида туристик хизматлар кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Эътиборлиси, бу – лойиҳанинг биринчи босқичи. Иккинчи босқичда Сиёб ва Оби Раҳмат ариғи бўйида яна 2 километр масофада шундай туристик маскан барпо этилади.
Шу тумандаги “Янги жой” маҳалла фуқаролар йиғинида кўплаб дам олиш масканлари ва дам олиш уйлари ташкил этилди. Жумладан, “Анисабону” масъулияти чекланган жамияти томонидан 10 миллиард сўм маблағ сарфланиб, “Оқбўйра гарден” дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди. Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун мўлжалланган масканда 20 та ёзги ва 20 та қишки дам олиш уйлари, кўнгилочар жойлар, умумий овқатланиш нуқталари фойдаланишга топширилди. От ва эшакларда тоққа сайр қилиш, квадроцикллар ижараси ташкил этилди.
Самарқанд шаҳридаги Орзу Маҳмудов кўчасининг гастрономик туризм кўчасига айлангани ҳам бу йилги пандемия шароитида бажарилган лойиҳалардан. Бир километрга яқин масофадаги ушбу кўчада жойлашган 30 га яқин кафе ва ресторанларда ҳар бир киши дунёнинг турли мамлакатларида тайёрланадиган энг мазали, миллий таомлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Йўл бўйлаб кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари ўрин олган.
Янги йилдан умид катта
– Туризм учун оғир бўлган йил якунига етмоқда. Бугун дунёнинг турли мамлакатларида коронавирус қарши вакциналар синовдан ўтказилиб, оммавий эмлаш бошланяпти. Кўнгилларда умид учқунларини порлаяпти, 2021 йилда пандемия билан боғлиқ чекловлар камаяр, туризм учун яна йўллар очилар. Самарқанд вилоятида бундай қайноқ жараёнларга ҳозирлик қандай кечмоқда?
– Юқорида таъкидлаганимдек, пандемия шароити бўлса-да сайёҳлликни ривожлантириш учун ҳаракатдан тўхтаган эмасмиз. Белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга интиляпмиз. Дунё халқлари бу хасталикдан фориғ бўлиши билан албатта, яна туризм жадал ривожланади. Биз ҳам бунга ҳозирлик кўряпмиз. 2020-2022 йилларда вилоятимизда туризм соҳасида умумий қиймати 2 триллион 579 миллиард сўмлик 264 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов, Алишер Навоий ва Пушкин кўчалари ҳамда Университет хиёбонини туристик масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб тайёрланган. “Ипак йўли” халқаро университетига туташ ҳудудда “туризм таълим боғи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Вилоятимиз ҳудудидан ўтувчи М-37 ва М-39 автомагистралида 8 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, кемпинг ва бошқалар) ҳамда овқатланиш шохобчалари ишга туширилади. Бугунги кунда, ҳар бир объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 74,7 миллиард сўм сўм бўлиб, 540 ўрин қувватга эга.
Самарқанд туризмининг муҳим йўналиши ҳисобланган зиёрат туризмни ривожлантириш бўйича ишларимиз келгуси йилда давом этади. Пайариқ тумани Имом Бухорий мажмуаси атрофида “ҳалол” стандартига тўлиқ жавоб берадиган умумий овқатланиш корхоналари, жойлаштириш воситалари ва савдо маркази ташкил этиш белгиланган. Бугунги кунда 3 ва 4 юлдузли “ҳалол” стандартларига тўлиқ жавоб берадиган 7 та меҳмонхона қурилиши давом этмоқда. Мазкур объектлар фойдаланишга топширилиши билан вилоятининг зиёрат туризми бўйича салоҳияти янада ортади ва зиёратчилар бевосита бир неча кун давомида зиёрат қилишлари учун шароит яратилади.
Нуробод тумани Оқсой қишлоғида жойлашган Хазрати Довуд зиёратгоҳига туташ ҳудудда “Оқсой ХД” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги “осма дор йўли” ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятнинг тоғли ҳудудларида санаторий ва дам олиш зоналарини ташкил этиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланган. Ҳозирги кунда 30 дан ортиқ дам олиш масканлари мавжуд бўлиб, уларда умумий кунлик қабул қилиш қуввати 4700 нафарга тенг.
2019 йил натижаларига кўра дунё бўйлаб 150 миллионга яқин сайёҳлар айнан зиёрат туризми йўналиши бўйича ўз саёҳатларини амалга оширган. Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган туроператорлар томонидан вилоятнинг зиёрат туризми бўйича салоҳияти кенг тарғиб қилинаётганлиги, туризмнинг мазкур турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар Самарқандни кейинги беш йил ичида “зиёрат туризми бўйича дунёнинг энг яхши ўнта дестинацияларидан бири” бўлишига замин яратади.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, шаҳар атрофи ва шаҳар ичида велойўлаклар ташкил қилиш, 30 та янги маданий мерос объектини туризм маршрутига киритиш каби вазифалар белгиланган.
Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.