Турк дунёси университетлари иттифоқи вакиллари Самарқандда учрашди

Бугун Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлари ташкилотининг Турк дунёси университетлари иттифоқи (TURKUNIB)нинг махсус йиғилиши бўлиб ўтди.

Анжуманга “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети мезбонлик қилди.

- Турк дунёси университетлари иттифоқи кенгаши 2013 йилда ташкил этилган бўлса-да, ҳозирда унинг Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Венгриядан 40 дан ортиқ аъзоси бор, - деди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов. - Турк дунёси университетлари иттифоқига Ўзбекистоннинг бир қатор университетлари, шу жумладан, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Қўқон университетлари аъзо бўлган.

Ушбу муҳим воқеа Туркия ва бошқа Туркий давлатлар ташкилоти аъзоси бўлган мамлакатларнинг етакчи университетлари вакилларини ҳар тарафлама фикр алмашинувлар асосида ва олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш йўлларини излаш учун бирлаштирди. Тадбирда академик ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тажриба ва билимларни алмашиш ҳамда қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.



- Турк дунёси университетлари иттифоқига аъзо олий таълим муассасаларида умумий таълим стандартларини ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз, - деди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Саъди Жаъфаров. - Юқори сифатли таълимни таъминлаш учун, аввало, таълим стандартларини такомиллаштириш зарур. Шунингдек, университетлар ўртасида талабалар алмашинуви, амалиёт дастурларини яратиш, алмашинув учун стипендиялар ажратиш имкониятлари ўрганилади.

Анжуманда Туркий давлатлари ташкилотининг Турк дунёси университетлари иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, таълимни ривожлантириш, илмий-тадқиқотлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Турк дунёси университетлар иттифоқининг навбатдаги йиғилишида ташкилотга аъзо давлатларнинг 50 га яқин олий таълим муассасалари вакиллари ва экспертлар иштирок этди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.