Турк қардошларимиз Самарқандни зиёрат қилди
2023 йилнинг февраль ойида Туркиянинг жанубида рўй берган зилзила оқибатида фалокатдан жабр кўрган оилаларга ҳамдардлик ҳамда уларнинг кўнглига таскин бериш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида қардош халқ вакилларининг юртимизга саёҳатини ташкил этиш ташаббусини билдирганди.
Ушбу ташаббус асосида шу кунларда қаҳрамонмарашлик бир гуруҳ фуқаролар юртимизда меҳмон бўлиб турибди.
Дастлаб Тошкент ва Жиззахга саёҳат қилган меҳмонлар бугун Самарқандга келди. Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят жамоатчилиги вакиллари томонидан тантанали кутиб олинган қардошлар қадим кентнинг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг ўн бир вилоятида кузатилган вайронагарчиликлар халқимизни оғир аҳволга солиб қўйди, - дейди Туркия Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги офат ва фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси масъул ходими, делегация раҳбари Сезин Тунан. – Бу вақтда қардошлар халқаларнинг ёрдами, далдаси бизга ўзига хос куч бўлди. Айниқса, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам алоҳида эътироф этиш жоиз. Уларнинг қидирув-қутқарув ишларидаги кўмаги туфайли кўплаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Афсуски, бу мудҳиш воқеаларда кўплаб инсонлар ҳаётдан кўз юмди. Бугунги делегациямизда зилзила оқибатида яқин инсонларини йўқотган юртдошларимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилмоқда. Бундан мақсад уларнинг кўнглини кўтариш, ғам-қайғусини имкон қадар унитишга ёрдамлашишдан иборат. Ер юзининг сайқали бўлган қадим Самарқанднинг азиз қадамжоларини зиёрат қилган юртдошларимиз кўнгли бироз бўлса-да, таскин топди, деб ўйлайман.
Саёҳат давомида меҳмонлар Мирзу Улуғбек музей-мажмуаси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Имом Мотуридий зиёратгоҳларида бўлиб, илм-фан, ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳаёти, ижоди, юртимиз бой маданий мероси билан яқиндан танишишди.
Биз ота юртимизга ташриф буюрганимиздан мамнунмиз, - дейди Шефиқ Қорабош. – Юртимиз бошига тушган кулфат бутун дунё аҳли томонидан қайғу билан қабул қилинди. Хусусан, қардош халқларимиз бу мусибатда бизни ҳар жиҳатдан қўллаб турди. Айни жараёндаги ғамхўрликлар учун ўзбек халқига, ҳукуматига миннатдорлик билдираман. Албатта, халқимиз бошига тушган кулфат оқибатида ўз яқинларини йўқотган оилалар жудаям оғир аҳволга тушиб қолди. Хусусан, ўзим ҳам вайронаргарчиликлар сабаб 20 ёшли ўғлимдан айрилдим. Бу мусибатни кўтариш осон эмас. Аммо яқинларнинг далдаси, ёлғизлатиб қўймай кўнгил сўраб туриши бундай вазиятда кишига ўзини тутиб олиши учун куч беради. Ўзбекистон ҳукумати бизга ана шундай жигаргўшалик ёрдамини берганлиги ўксик қалбимизга малҳам бўлди. Ўзбекистон бўйлаб давом этаётган саёҳатларимиз давомида бир қанча диққатга сазовор жойлар, азиз қадамжоларда бўлиб руҳий таскин олаяпмиз. Айниқса, бутун дунё тан олган азиз авлиёлар мангу қўним топган Самарқанд зиёрати бизга ўзгача кўтаринкилик берди. Ислом оламида алоҳида ўрин тутган Имом Мотуридий мақбарасини зиёратидан руҳимиз енгил тортди. Эътибор ва ғамхўрлик учун мингдан-минг раҳмат.
Туркиялик меҳмонлар ташриф давомида қадимий Сиёб деҳқон бозори, Регистон майдонида ҳам бўлишди.