Турк сармояси асосида яна икки қўшма корхона очилади

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорлар ва Туркиянинг Шарқий Анатолия экспортчилар уюшмасига аъзо ишбилармонлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

В2В форматида ташкил этилган учрашувда ҳар икки томон қурилиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Туркияда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларини юртимизга импорт қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

- Шарқий Анатолия экспортчилар уюшмаси таркибига кирувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги энг йирик 18 компания вакиллари самарқандлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласида В2В шаклида музокаралар олиб борди, - дейди Ўзбек-Турк савдо уйи раҳбари Ҳамид Янгибоев. - Ҳар икки томон мулоқотлар асосида билдирилган таклифларини муҳокама қилиб, томонлар келишувга эришса, апрель ойида бўладиган навбатдаги учрашувда ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу каби учрашувларда улар қурилиш материаллари, кимё воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишда ўзларига янги ҳамкорлар топиш ва қўшма корхоналар ташкил этишни режалаштирган. Уюшма таркибига кирувчи сармоядорлар Ургут туманида цемент ишлаб чиқариш корхоналари учун унга қўшиладиган кимёвий восита ишлаб чиқариш ва Самарқанд шаҳрида том ёпишда ишлатиладиган изоляцион материаллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди.

Ў.ҚЎЗИБОЕВ.