Туркий давлатлар ташкилоти: Бунда Ўзбекистоннинг манфаати нималарда намоён бўлади?
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар билан умумий товар айланмаси 2020 йилда 6,8 миллиард долларни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 39 фоизга ошиб, 9,4 миллиард долларга етди.
Бундан ташқари, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг (Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия аъзо давлатлар, Венгрия ва Туркманистон кузатувчиси давлатлар) ўзаро турли соҳалардаги муносабатларга киришиши геосиёсий нуқтаи назардан муҳим ҳисобланади. Чунки бугунги кунда Яқин Шарқдаги (Туркия, Эрон ва Исроил давлатлари манфаатларининг тўқнашуви), Шарқий Европадаги (Украина инқирози), Афғонистон ва бошқа “қайноқ нуқта”лардаги давлатларнинг манфаатлари тўқнашуви натижаси салбий оқибатларга олиб келмоқда. Ҳозирда Марказий Осиё минтақасида ҳам йилдан-йилга йирик давлатларнинг манфаатлари ошиб бораётгани, бунда минтақа мамлакатлари томонидан турли низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга интилиши энг тўғри йўл ҳисобланади. Шунингдек, туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлик ушбу мамлакатларнинг халқаро муносабатларда ўз сўзини айтиш имконини берувчи омил деб баҳоланмоқда.
Фикримизча, Ўзбекистоннинг ТДТ тизимида иштирокининг устувор йўналишлари қуйидаги йўналишлар амалиётида намоён бўлади:
Биринчидан, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, саноат кооперациясини кучайтириш, иқлим ўзгариши ва экология муаммоларини ечиш ҳамда углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш.
Иккинчидан, “ақлли шаҳар”ларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT мутахассислар учун доимий платформа яратиш.
Учинчидан, маданият ва сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш, нодир асарларни биргаликда ўрганиш, уларни таржима қилиш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш.
Тўртинчидан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш.
2021 йилнинг ноябрь ойида Истамбулда бўлиб ўтган саммит ушбу ташкилотнинг ўзига хос шаклланиши ва мамлакатлар орасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилди. Саммит якунлари бўйича “Туркий дунё нигоҳи – 2040” тўғрисида”, “Туркий давлатлар ташкилотининг туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти тўғрисида”, “Туркий давлатлар ташкилотининг Туркий инвестиция фондини ташкил этишни якунлаш тўғрисида” ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
ТДТга аъзо давлатларнинг аксарияти ташкилот инфратузилмасидан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ошириш ва Туркия ҳомийлигидаги қўшма лойиҳаларда иштирок этиш учун яхшироқ шарт-шароитларни музокаралар олиб бориш учун фойдаланишни кутмоқда. Бу ерда иштирокчи мамлакатлар ҳақиқатан ҳам муҳим ўринга эга. Томонлар Каспий денгизи атрофидаги мавжуд салоҳият логистика дастурларига (уларни Хитой транспорт дастурлари билан боғлаш имконияти билан) қизиқиш билдирмоқда. Туркиянинг ўзи ҳам Марказий Осиё ва Озарбайжондаги сармоявий иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор. Бишкекда Туркий давлатлар ташкилотининг сармоя фондини ташкил этиш ташаббуслари ҳам иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан далолат беради. Ушбу ниятлар муваффақиятли амалга оширилган тақдирда ТДТ мамлакатлари умумий лойиҳаларни молиялаштириш учун кучли институтга эга бўладилар.
Мустақил экспертлар фикрича, Ўзбекистон вакилларининг таъкидлаган икки жиҳат Туркия учун ҳам муҳим. Биринчиси, “умумий тарих ва умумий келажак” га урғу берилишидир. Шунингдек, умумий, аммо ҳали амалга тўлиқ оширилмаган қадриятларни таъкидлаш ҳам муҳим. Ўзбекистон томонини қизиқтирган яна бир масала туркий бирлик ғояларини кейинги авлодларга етказиш учун қўшма таълим имкониятларини яратиш билан боғлиқ. Экспертларнинг фикрича, ТДТда иштирок этувчи мамлакатлар жамиятлари яқинлашмасдан туриб, қарашлар бирлиги ёки интеграциянинг ўзига хос ўзаро манфаати ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Умуман олганда, бугун Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотида муҳим манфаатлари - минтақада савдо, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, йирик инфратузилма каби соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кучайтириш. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги босқичда ТДТ олдида турган устувор вазифалар сифатида қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:
аввало, Кавказ ва Марказий Осиёда янги ривожланаётган транспорт ҳамда энергетика йўлаклари тармоғи бўйлаб ишончли хавфсизлик ва ҳамкорлик камарларини таъминлашдир. Бу нафақат аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади, балки ташкилотнинг иқтисодий мустақиллиги ва фаровонлигига эришиш билан бирга, бу йўлдаги барча глобал хуружлар, жумладан, Афғонистон ҳудудидан (терроризм, ноқонуний миграция, трансмиллий жиноятлар ва бошқа) таҳдидларга қарши туриш омили ҳамдир;
иккинчидан, бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қандайдир тарзда ҳаддан зиёд геосиёсий амбициялар ва яратилаётган трансмиллий лойиҳалар фаолиятида иштирок этаётган бошқа халқаро кучлар босимига қарши туришида кўмак беради;
учинчидан, бу ХХI асрнинг мураккаб глобал шароитида сақлаб қолиш ва янада ривожланиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Зеро, глобал маданиятнинг салбий асоратлари тарқалиши ва қадриятлар емирилиши жараёни кечаётган бир даврда ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг маданий ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолиш жуда муҳим;
тўртинчидан, халқаро муносабатларнинг бугунги босқичида ТДТ фаолияти янгича шароитда шаклланганлигини айтиш жоиз. Бу эса ташкилот нуфузининг ҳам халқаро алоқалар тизимида ортишига замин ҳозирлади. Бундай шароитда аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро тенглик, очиқлик тамойиллари асосда олиб борилиши ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик ривожи учун конструктив муҳитни сақлаб қолиш амалий характерга эга. Шундагина ТДТнинг халқаро миқёсдаги мақоми янада ортиб бораверади.
Мулохазаларимизга мухтасар сифатида масаланинг икки муҳим томонини таъкидлаш мумкин. Биринчиси - глобаллашув йўлига қадам қўйган давлатлар ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш илм-фан, таълим, шаҳарсозлик ва технология ривожига фойдали таъсир кўрсатиши аниқлигини айтиш мумкин. Қолаверса, бу иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ва аъзо давлатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишида кўмак ҳамдир.
Иккинчиси - илгари туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши сифатида фаолият олиб борган тузилма бугун тўлақонли халқаро ташкилот мақомига эришган. Кенгаш бу кўпроқ консультатив характерга эга тузилма деб баҳоланса, унинг ташкилот сифатида такомиллашуви унга янгича имкониятлар ва вазифаларни қўяди. Янгича нуфузга эга бўлган ТДТнинг Самарқанд саммити шак-шубҳасиз тарихий учрашув бўлади.
Баҳром Хўжанов,
Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби кафедра мудири, сиёсий фанлар номзоди, доцент.