Туркияликлар Регистонда кўрсатув тайёрлаяпти

Шу кунларда Регистон майдонида Туркиянинг "ТРТ Аваз" телеканали ижодкорлари томонидан Рамазон ойи муносабати билан туркум кўрсатувлар тайёрланяпти.
Бу ерда 50 нафар техник ва ижодий ходим иш олиб боряпти. Туркиялик ижодкорларга Ўзбекистон телеканали оператор ва чироқ усталари яқиндан ёрдам беряпти.
Бу лойиҳа "ТРТ Аваз" телеканали ҳамда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга ошириляпти.
- Рамазон туҳфаси рукни остида тасвирга олинаётган туркум кўрсатувлар томошабинга, аввало, маънавий озуқа беради, - дейди Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази мутахассиси Зокир Асроров. – Шу билан бирга, Самарқанд туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бу ерга келган туркиялик ижодкорлар ва кўрсатувда суҳбатдош сифатида иштирок этаётган меҳмонлар кечки пайт тасвирга олиш жараёнларида иштирок этаётган бўлса, кундузи Самарқанднинг тарихий обидаларни зиёрат қиляпти. Бир обида ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун соатлаб қолиб кетяпти. Шунингдек, кечагина Озарбайжондан бир гуруҳ меҳмонлар келиб, тасвирга олиш жараёнларини кузатиб туриб, икки кун аввал ушбу кўрсатувни ўз ватанида томоша қилганини айтди.
Регистон майдонида тайёрланаётган кўрсатув 56 та давлатда намойиш этилаётгани таҳсинга сазовор.
- Биз ҳозир Туркистон диёридамиз, аждодларимиз юртидамиз. Ҳозирда Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ҳикматларини ўрганмоқдамиз, - дейди кўрсатув бошловчиси Бурак Яйли. – Кўрсатувни Самарқандда тасвирга олишимиз бежиз эмас. Регистон майдони, Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасаларининг тунги кўриниши - ажойиб муҳит. Бу жараён биз учун жуда ҳаяжонли. “Рамазони шариф” дастурини илк бор шу заминда, шу гўзал муҳитда тайёрлаб, эфирга узатишни хоҳладик. Умид қиламизки, бу томошабинлар учун дардга даво, қалбларга шифо, кўнгилларга хушнудлик олиб келади.
Кўрсатув тасвирга олиниши 17 февралда бошланган бўлиб, 15 мартга қадар давом этади. Дастур куннинг кечки қисмида соат 20:00 дан 23:00 га қадар тайёрланяпти. Ҳар куни иккита 50 дақиқалик кўрсатув ёзиб олиняпти ва эртаси куни ифторлик вақтида эфирга узатиляпти.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов,
Бобур Баҳодиров.