Турли инфекциялар авж оладиган куз фаслида ўқувчилар нималарга амал қилишлари лозим?

– Дарҳақиқат, куз фаслида ўткир вирусли инфекциялар авж олади. Бу пайтда ўқувчилар турли инфекциялар юқишининг олдини олиш ва касал бўлиб қолган пайтида эса бошқаларни грипп, коронавирус инфекцияси ва бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялардан ҳимоя қилиш учун респиратор гигиена қоидаларига амал қилиши керак. Яъни, қўлларни тез-тез ва яхшилаб совун билан оқар сувда ювиш, спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш, шунингдек, овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан ёки уй ҳайвони олдидан келгач, қўлларни ювиш лозим. Юзни қўл билан кўп ушламаслик керак.

Кўп одам йиғиладиган жойларга боришни имкон қадар камайтириш лозим.

Йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз билан бурунга букилган тирсак, енг ёки салфеткани тутинг. Ундан кейин салфеткани дарҳол ахлат идишига ташланг ва қўлингизни ювишни унутманг.

Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлар билан яқин алоқада бўлишдан чекланинг.

Болада касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолиши ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Ушбу касалликларнинг қўзғатувчилари жуда юқумли бўлиб, асосан, ҳаво томчилари орқали юқади. Шу сабабли синфхоналарни, албатта тез-тез шамоллатиш зарур ҳисобланади.

Бу ҳақда Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг ўқув-тарбия муассасалари бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова маълумот берди.