Турмуш чорраҳаларида: Биродарлар

Раҳмат бобо билан Шоди ота ярим асрлик қадрдон. Улар бирга кўпкарида улоқ чопиб, ном қозонишган.

Самарқанд, буёғи Сурхон, Қашқа воҳаси кўпкари ишқибозлари уларни яхши билишади. Раҳмат бобо биродари бетоблигини эшитиб, ҳолидан хабар олишга шошилди.

- Кечадан буён туз тотгани йўқ, - нолиб кетди пешвоз чиққан Шоди бобонинг кампири Робия ая кўз ёшларини артиб. - Қишлоқ дўхтири кўриб, шифохонада ётмасангиз бўлмайди, деди. Биродарингиз қайсарлик қилиб кўнмади. Дори-дармон ёзиб, бериб кетди. Ким олиб келарди уни, мен юришга ярамасам, бунинг устига ҳозирда дорилар озмунча пул турадими, пул қани? Пенсиямиз рўзғорга зўрға етиб турибди. Туппа-тузук ишлаб юрган Назиржон ҳавойи дўстлари гапига учиб, биз, чолу кампирни ташлаб четга кетди. Олти ой бўлди, сариқ чақа жўнатгани йўқ. Ҳозирча иш қидираётган эмиш, эҳ, қулоқсиз бола-эй!

- Хафа бўлманг, - деди Раҳмат бобо Робия аяни юпатиб, - Яратган эгам меҳрибон, дардини берган шифосини ҳам беради. Жўрам отдек бўлиб кетади, ҳали тўйларда яна улоқ ҳам чопамиз.

Раҳмат бобони кўриб, Шоди ота тўшакдан кўтарилиб ёстиққа илинди, чеҳраси очилди.

- Бормисан, қадрдон, хуш кўрдик қани кел, бир бағримга босай...

Икки ошна кўришишди. Шоди ота шу тобда бетоблигини ҳам унутганди.

- Ҳа, нима бўлди, жўра, бурга тепдими? - ҳазиллашди Раҳмат бобо кўрпачага чиқар экан. - Қани, омин, Аллоҳ шифо берсин!

Икки биродар анча суҳбатлашиб ўтиришди. Кўпкариларда талатўпда улоқни қандай олиб чиқиб кетганлари, қандай солимлар олишганини эслашди. Шоди ота анча енгил тортди, бир суткадан бери туз тотмаган одам ошнаси билан тановул қилди.

- Хўп, энди мен қайтай жўра, сени толиқтириб қўйдим. Дамингни ол. Дорилар ёзилган қоғози бер, кўрай-чи, дўхтир нималар ёзибди? - Раҳмат бобо кетишга тараддудланди. Шоди ота ёстиқ тагидан қоғозни узатди. Раҳмат бобо уни қатлаб чунтагига солди. - Ҳозир бориб  олиб келаман, кампиринг бояқиш овора бўлиб юрмасин.

- Э,э, бу нима қилганинг, қўй хафа бўламан-а, неваралар келишса ўзлари олиб келади, - деди буни кутмаган Шоди ота хижолат бўлиб. - Сен овора бўлма!

- Овораси борми, хўп мен борай, омин! - Раҳмат бобо ўрнидан турди.

Орадан кўп ўтмай бир целлофан пакет дори кўтариб кириб келди.

- Ҳозироқ буларни ичишни бошла, иншоаллоҳ, дард кўрмагандай бўлиб кетасан, ошна! Мен яна хабар оламан. Мана бу пулни ол, зарур бўлса ишлатасан. - Раҳмат бобо дўстига бир тахлам пул узатди.

- Бу нима қилганинг, қўй, керак эмас, пулимиз бор. - Шоди ота унинг қўлини қайтаришга уринди.

- Ол, пулинг бўлса ҳам оласан, олмасанг хафа бўламан. Шундай пайтларда бир-биримизнинг кунимизга ярамасак, биродарлигимиз қаерда қолади?!

Шоди ота қанчалик қаршилик қилмасин Раҳмат бобо зўрлаб қўлига пулни тутқазиб, ўрнидан турди.

Тоғаймурод Шомуродов.