Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Турмуш чорраҳаларида: Ўкинч

Тожи чавандоз отини етаклаб дарвозадан чиқар экан, қамчи ўқталиб хотинига пўписа қилди:                                                   

- Анави етимча текинтомоқларингга айт, отхонани тозалаб, қўйларни ҳайдаб, оёғини ёзиб келсин!

“Анави етимча текинхўрлар” - Ҳурнисонинг синглиси Моҳиранинг ўғиллари Салим билан Олим.

- Хўп, айтаман, отаси! – Ҳурнисо айб иш қилгандек эрининг нафратли кўзларига дош беролмай рўмолининг учини тишлади.

Ҳаммасига ўзи айбдор. Синглиси Моҳирани Россияга эрининг орқасидан боришини маслаҳат бермаганида бу кўргуликлар йўқ эди. Моҳиранинг эри Рўзи тўйдан кейин Россияга кетиб туппа-тузук ишлаб, келиб-кетиб юрди. Бу орада ўғиллар туғилди. Тўйларини дабдабали қилиб ўтказиб кетди, уй-жойини эпақага келтирди. Бироқ тўрт йилдан буён дараги йўқ. Моҳира ва икки фарзанд ота дийдорига зор, йўлига кўз тикиб кун ўтказишади. Моҳира маҳалладаги тўйхонада идиш-товоқ ювади, тўйдан қолган сарқит билан рўзғор тебратади. Болалар улғайиб қолишди, тенгқурлари каби ҳеч нарсага зориқмай ўйнаб-кулиб яшашни истайди. Бунга ёлғиз ўзининг қурби етмайди. Фарзандлари кўзларида йўқчиликдан пайдо бўлган мунгни кўрганида эзилиб кетади.

Синглисининг қийналганини кўрган Ҳурнисо маслаҳат берди:

- Орқасидан бор, бирор суюқ оёққа илкашиб қолган бўлмасин тағин. Болаларингга мана мен кўз-қулоқ бўлиб тураман. Беш фарзандим сиққан уйга сенинг икки боланг ҳам сиғар...

Шунга ҳам тўрт йил бўляпти. Икки-уч ойга бориб келади, деб ўйлаган Ҳурнисонинг кўнглига ғулғула тушди. Орада бир-икки марта озроқ пул юбориб, эри билан тез орада қайтишини билдирган синглиси дом-дараксиз кетди. Болалари энди нима бўлади? Салим ўн иккига, Олим ўн ёшга киряпти. Болалари аҳил, иноқ, Салим билан Олимни ўз туғишганларидек кўради. Ҳеч бир фарзандни ота-она меҳрига зор қилмасин экан, барибир уларнинг кўнгли кемтик. Кўзларидаги ота-она соғинчидан зориққан мунгни кўрганида Ҳурнисо чидаб туролмайди. Уларни бағрига босиб ҳунг-ҳунг йиғлайди.

- Хола, отам билан энам қачон келишади, - юрагини эзади Олим.

- Келади болам, келади, бор аканглар билан дарсингни тайёрла...

Аммо оқибат у синглисига берган ваъдасидек бўлиб чиқмади. Божаси ва қайнсинглисининг қайтиши чўзилиб кетган сайин Тожи чавандознинг Салим билан Олимга зўғими оша бошлади. Уларга кўзи тушса, зардаси қайнаб кетади, болалари ризқига шерик бўлаётган тирик етимчаларга нафрати ошади.

- Менга қара, хув хотин, - деди бир куни тишларини ғижирлатиб, - Тоқатимни синашни бас қил! Ўзимнинг фарзандларимнинг ташвиши етади, мен бировнинг кўчада қолган етимваччаларини боқиш кафиллигини олганим йўқ. Обор, етимхонага топшир! Вақтинчалик деганингга индамай қўяқолгандим. Тўрт йил бўляпти, ота-онасининг на тириги, на ўлиги ҳақида хабар бор. Сабрим тугади, йўқот!

Эридан бу гапни кутмаган Ҳурнисо ичидан зил кетиб, мум тишлаб қолди.

Тожи чавандоз Салим билан Олимни болаларидан ажратиб, дарвоза ёнидаги ташландиқ ҳужрага чиқариб қўйди. Ғазаби кундан кунга ошиб борарди.

- Отаси қўйинг, гуноҳ бўлади, ахир уларда айб нима?

Ҳурнисо ўксиниб-ўксиниб унга ялинди. Бироқ чавандоз жаҳлидан тушмади.

Бир куни у “қўйхонани тозаламабсан”, деб Салимни дўппослади. Яна бир куни “оёғим остида уралашма, етимча” деб Олимни юзига шапалоқ туширди. Ота-она меҳридан мосуво бўлган фарзандларнинг кўрган кунлари қурсин. Эри йўқлигида Ҳурнисо кўнгиллари синган жигарларини бағрига босиб, ҳунг-ҳунг йиғларди. Эрталаб жиянлари ётадиган ҳужрага кирса, улар йўқ. Ўрин ҳам тўшалмаган. Ҳурнисо зир югуриб, таниш-билишлардан суриштирди, ҳеч ким кўрдик демайди...

- Балки, бирор киши хафа қилгандир? – участка нозири Ҳурнисога қаради.

- Йўғэй, ҳеч ким хафа қилгани йўқ, - Ҳурнисо кўз ёшларини артди.

- Мана, қоғоз, бўлган воқеани ёзиб, имзо чекинг! – нозир унга ручка-қоғоз узатди. – Ташвишланманг, мен ҳамма участка, нозирларга хабар берганман, болалар албатта, топилади.

- ... Ака, қорним оч совқатяпман. Вакзал ичкарисига қўйишмасмикан? – йиғламсиради Олим.

- Бироз чида, - деди Салим ҳурлиги келиб, - Поез келсин, бир амаллаб чиқиб олайлик.

- Отам билан энамнинг манзилини ҳам, борадиган поездини ҳам билмаймизку, ака...

Кутилмаганда пайдо бўлган миллиционер уларнинг сўзларини бўлди:

- Қани, болалар, бу ёққа чиқингларчи! Нега яшириниб ўтирибсизлар?

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.