Турмуш чорраҳаларида: Увол
Ошсиз уй бор, жанжалсиз уй йўқ, дейдилар. Илгари бу мақолни эшитиб, мағзини чақмаган эканми ё унча эътибор қаратмаганмикан, Ҳафиза ўзганинг бўсағасидан оппоқ либосда ҳатлаб ўтган кундан буён Худонинг берган куни арзимас, майда-чуйда нарсалардан машмаша чиқиб, тўполон бўлиб кетади. Мана, қайнотасиникида кун санаб, ой санаб яшаб юрибдиямки, бир баҳона топилиб, сиз-биз деган оғиз сан-манга бориб, машмашалар тугуни очилиб кетади. Барака топсин, Ҳафизанинг қайнонаси Гавҳар опа тилла аёл. Келинига ортиқча юмуш буюриб қийнаб ўтирмайди. Гоҳ-ногоҳ Ҳафиза кўнгил тўлмагулик иш бажарса ҳам айрим шаллақи қайноналарга ўхшаб саннамайди, жанжалга баҳона қидирмайди, ўғлига айттириб, туттириб, дўппослатмайди. Ҳафиза эҳтимол шунинг учун ҳам киройи қайнонаси учун чидаб юрган чиқар. Бўлмаса эри Нормамат пиён нақд жаллод бўлмаса ҳам шунақалардан қолишмайди. Ичиб келган куни хотинини тарсакиламаса ё тепмаса, кўнгли тинчимайди. Бу ношукр эрга гап уқтиравериб, насиҳат қилавериб Гавҳар опанинг тили чарчаб кетди. У ёқда отаси Норимжон ака ҳам дўқ-пўписа қилди, бўлмади. Ўрганган кўнгил, ўртанмай қолмас экан. Насиҳату пичинглардан бир муддат бошини кифтига тортиб юрди-да, яна улфатбозлик, чойхонашинлик қилиб келиб, бояқиш хотинига кафт тортиб юборади. Шўрлик Ҳафиза ҳам содда, ҳам қуёнюрак. Бўлмаса, девангирдай икки акаси, шаҳди синмаган отаси бор. Уларга чақиб, эрининг попугини пасайтирса бўлади. Андиша қилади. Кейин эрта-индин гап чиқиб қолганда миш-мишлар тагида қолиб кетишдан қўрқади. Олдида кўз-қоши попукдай ширингина қизи, ўғли бор. Эрта-индин уларнинг бўйи чўзилиб, эс-ҳушини таниб олишса, кейин «отангни аянг чақтириб дўппослатган» деган гапни эшитишса, неча пуллик обрўси қолади. Йўқ, бу эгри юмушни ўла қолсаям қилмайди. Эрининг калтаклари тагида тил тортиб ўлсаям зинҳор-базинҳор қилмайди. Мана, бугун ҳам бечора жувон бир-икки тепки еб, биқинини ушлаб ўтирибди. Пиён эр хотин тўшаб берган юмшоққина кўрпачага узала тушиб хуриллаб ётибди. Олдига яқинлашиб бўлмайди. Қўланса ҳид хонани тутиб кетган. Деразанинг ҳамма дарчалари очиқ бўлсаям, худди бузуқ ҳаво шишиб, уйда қамалиб қолгандек. Ўғилчаси отасининг олдида ўрмалашиб, уйғотишга уринади. Зилдай оёқни ушлаб, кучаниб кўтаргудек бўладию, наф тополмагач, бош томонига ўтиб, кетмон юзидай катта, оғир панжаларга ёпиша кетади.
— Иммм, ада, туйинг...
— Тек тур, индама, — онаси кела солиб, болани даст кўтариб олади-да, ташқарига оёқлайди. Тўғри ошхонага бориб, вақирлаб қайнаётган чойнак тагидаги оловни пасайтиради, унинг ёнидаги қозон қопқоғини очиб, капгир билан овқатни бир-икки ковлаб қўяди. Бола чучук тили билан онасини гапга солади:
— Ая, адам ашша емийдими?
—Даданг тўйиб келган, - зарда билан жавоб қилади онаси.
Шом қўниб, айвондаги чироқлар ёнгач, тўрроқдаги супада бутун оила йиғилади. Нормаматдан бўлак ҳамма овқатга юзланади. Биров уни эсламайди ҳам. На Гавҳар опа, на Норим ака «Нормаматни айтиб ке овқатга», демайди. Иссиққина тортилган қуюқми, суюқми таом пок-покиза туширилади. Қайноққина чой томоқни ҳўллаб, куйдириб ошқозонга тушади. Аммо ҳеч ким Нормаматни лоақал иримигаям эсламайди. Негаки, золим билан бир дастурхон атрофида ўтириб бўлмайди. Унга юзлар меҳр билан боқмайди. Ширинроқ сўз аталмайди. Аммо-лекин бу нисбатларнинг акси ҳаётнинг машаққатларига елка тутаётган, турмуш зарбаларига товуш чиқармай, жимгина бардош бераётган севимли келинга қайтарилади.
— Андак дам олинг, қизим, куни билан тинмадингиз ўзиям,— қайнона меҳрибонлик қилади.
— Худо сиздай келинни берганига шукр, бу аҳмоққа ўзи инсоф берсин, қизим, — ширин сўзини аямайди қайнота. Мана шунинг ўзи малҳам-да Ҳафизага. Ачиётган жонига эм бўлади. Мушт нима? Бир зумлик оғриқда! Бир кўз олдингда ўт чақнаб, танингда туражак оғриқ зум ўтмай пасаяди, кейин-кейин таққа тўхтайди. Нима қипти... Ўзини алдайди шўрлик жувон. Ҳафиза ажрашган эр-хотинлар ҳақида эшитган. Онасига яқин бир қўшниси туппа-тузук яшаб юрган эр-хотин орасини айириб, келинини қувиб солган экан. Сал ўтмай ажрашиб, иккита бола бўзлаб қолди. Бир гал онасиникига борганида кўзи тушганди Ҳафизанинг. Шўрлик болалар кўчада исқирт, кир -чир кўйлак-шимда юришган экан. Бирам ачиниб кетганди уларга. Ана шуларни кўз олдига келтириб, ўз фарзандларини ўйлаб кетди. Бордию, эри билан ажрашса, болалар аҳволи нима бўлади? Шу исқирт, кир-чир болалар кўйига тушмайдими? Ҳафиза эридан мушт есаям, жони оғрисаям, ундан негадир кўнгли совимайди. Ёмон кўрмайди. Бугун калтак еб, эртага ҳеч нарса бўлмагандек апоқ-чапоқ бўлади. У фақат бир нарсага ҳайрон қолади. Нормамат уйлангунига қадар ароқнинг ақалли бир томчисиниям оғзига олмаган экан. Елкасига ола хуржун тушгандан сал ўтиб, бошқа Нормаматга айланибди-қолибди. Аммо-лекин ичиб юрсаям, ўзини эплаб юради. Ҳеч маҳал тўрт оёқлаб кириб келгани йўқ уйга. Ё икки одам икки қўлтиғидан олиб судраб келгани йўқ. Ё тоза маст бўлиб, кўча-кўйда ётиб, шалтоғи чиққани йўқ. Бир айби ичиб келади... ичиб келадию хотинини савалайди. Бунга ҳаммавақт баҳона топила қолади. Ошнинг озгина таги олса ё кўйлак дазмолланмай қолган бўлса? Бола пақирлар вақт-бевақт йиғлагудек бўлсаям... жазо. Гап бошқа ёқда. Нормамат севгидан куйган. Уйланмай туриб сал олдин кўз остига олган қизи эрга теккач, хонумони гўё олов остида қолгудай бўлган. Кейин алам устига уйланган. Севгисиз, меҳр-муҳаббатсиз Ҳафизани никоҳига олган. Қачонки унга қараса, собиқ маҳбубаси ёдига тушавериб, аламини хотинидан олаверади. Сабаби шу. Бунинг тагига Ҳафиза яқинда етди. Ертўлани саранжомлаб-саришталаб юриб, бурчакдан кичикроқ жомадонча топиб олди. Обдон чангини қоқиб, ичини очса, варақлари тўзиган дафтар, расмлар экан. У қўлидагини ёруққа тутса, ноз-ниҳолдай қизнинг суврати. Жилмайиб турибди. Орқасини ўгирганди, бир жумла ёзувга кўзи тушди: «Мени куйдириб кетдинг...» Шунда фаҳмлади Ҳафиза.
*
Гавҳар опа ягона келинига иш буюрди.
— Келин, бозордан исмалоқ, жағ-жағ опкелдим. Ювиб, пиёз аралаштириб, тўғраб ташланг. Бир кўксомса қилайлик.
Ҳафизанинг ичига илиқлик кирди. Сезди. Қайнонаси атайин бозор тушиб, эринмай шуни кўтариб келган. Чунки кўк сомса, бичак Ҳафизанинг жону дили. Яна бу гал шу неъматга бошқоронғу бўлгани ҳам аён. Ўтган гал қайнонаси бозордан сотиб олиб келганди. Улар ҳам мазали эдию, барибир, ўз қўлинг билан пиширганинг бошқача-да, меҳринг ийиб, бажарасан, ширин чиқади. Ҳафиза ҳаяллатмай юмушга шўнғиди. Бир уюм кўкатни обдон чайқаб, ишқалаб ювиб, сўнг тўғрай кетди. Пиёзлардан сарасини ажратиб олиб, арчди. Мурч, зирани ҳам ҳозирлади. Хамирини ҳар галгидек қайнонаси қорди.
— Озроқ думбадан қолган, шуниям майдалаб тўғраб, аралаштириворинг, келинжон, - буюрди Гавҳар опа кўк сомсанинг «кўк»и тайёр бўлгач.
Кечга бориб, одатдагидек оила тамадди учун яна тўпланди. Очил дастурхон устида ҳар бир хўранда олдида алоҳида тақсимчада ҳовури кўтарилаётган кўксомса пайдо бўлди. Норим ака «Бисмиллоҳир раҳмони раҳим», дея қўлини таомга чўзди. Кейин оиланинг бошқа аъзолари такрорлашди. Шу пайт дарвоза эшиги даранглаб очилиб, Нормаматнинг сўкингани эшитилди. Ҳамма товуш келган томонга юзланди. Ҳафиза дик этиб ўрнидан турди. Азза-базза қўлларини сочиқчага артиб, эрига пешвоз чиқиш учун олдига шошилди. У дарвозахонага етиб улгурмай, рўпарасида Нормамат пайдо бўлди.
— Вой, дадаси келдингизми...
— Қайси гўрда юрибсан, ҳе... — Нормаматнинг зил-замбил кафти Ҳафизанинг бўйнига чарс этиб урилди. Бироқ жувон зарбдан ўзини ўнглаёлмай ёни билан оғиб кетди, боши деворга урилди. Супадагилар оғзи оғзида қолиб бу томонга югуриб келишганда Ҳафиза ҳушидан кетган эди.
***
Нормамат шифокор эркак қабулида хиёл бошини эгиб ўтирди. Унинг сўнгги сўзини ҳазм қилолмади шекилли, кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
— Ҳаммасига ўзим айбдорман, ўзим. — тўнғиллади. — Бечорага зулм қилдим, зулм.
Шифокор индамади. Унга нафратомуз нигоҳини санчиб ўтираверди.
Нормамат шифокор қабулидан чиқиб, навбатчи ҳамширанинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай тўғри хотини ётган палатага кириб борди. Икки бемор учун мўлжалланган хонада Ҳафиза кроватда шифтга термулиб ётган экан. У эшик очилгач, ҳеч кутмагани эрининг ночор, забун ҳолда қаршисида пайдо бўлганидан андак талмовсираб қолди. Ўрнидан жилиб, оёқларига шиппагини илди. Нормамат кела солиб хотинининг чойшаб тортилган оёқларини қучиб олиб, йиғлаб юборди.
— Мен аҳмоқни кечир хотин, кечир. Болани мен увол қилдим, мен...
Ҳафиза лом-мим демади. Эрининг йиғию аччиқ зардоб ютаётгани, пой-патак бўлаётганини кўриб ҳам бир сўз деёлмади.
Умид АЛИ.