Турмуш чорраҳаларида: Васваса

Маҳлиё алаҳсираб, қаттиқ қўрқувдан уйғониб кетди.  Негадир боши лўқиллаб оғрир, сочлари жиққа ҳўл. Тунда ёпиниб ётган чойшаби ғижим бўлиб кетган, ёстиғи каравотидан тушиб, ерда ётарди.

 У оҳиста ўрнидан турди-да, дераза пардасини очди. Офтоб аллақачон найза бўйи кўтарилиб, атроф ёришиб кетган. Маҳлиё одатда уйқудан бунчалик кеч турмасди. Доим барвақт турар, ҳовлида супур-сидирни бошлаганида масжиддан азон эшитиларди. Бугун чошгоҳгача ухлаб қолибди.

Кечаги воқеалар Маҳлиёнинг хотирасида жонлана бошлади.

У ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Қайдандир арқон топди, уйда ҳамма ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, ҳовли тўридаги айвон сари борди. Кутилмаганда қоронғида йўлакда унутиб қолдирилган челакка оёғи урилиб, жаранглатиб юборди. Шовқиндан ташқарида сўрида ётган отаси уйғониб, мушукни ҳайдагандек:

- Пишт! - деб овоз чиқарди уйқу аралаш.

Маҳлиёнинг режаси барбод бўлди. У турган жойида бир пас тўхтаб, арқонни улоқтирди-да, оёқ учида юриб, яна ётоқхонасига қайтди.

...Яхшиям челакка суриниб кетибман, деди у ичида. Бўлмаса, кеча аччиқ устида. Ҳозир ҳовлимизда йиғи-сиғи авжга чиқиб, одам тўпланарди. Отам, онамнинг ҳоли не кечарди? Қишлоқда фалончининг қизи ўз жонига қасд қилибди, деган совуқ хабар тарқалиб кетарди-я. Қандай шармандалик!..

Маҳлиё кўзгу ёнига борди. Қовоқлари шишиб кетибди. Кўз қорачиғи атрофлари қизарган. Сочлари тўзғиб ётибди. У афт-ангорини ҳеч қачон бундай сўлғин кўрмаган.

Яна хаёлидан кечаги воқеалар бир-бир ўта бошлади.

Эрталаб коллежга ўқишга борди. Танаффусда яна ўша таниш нигоҳга дуч келди. Акрам Солиевич Маҳлиёнинг саломига алик олиб, енгил ва самимий бош ирғаб, ўтиб кетди. Маҳлиё уни хонасига кириб кетгунича нигоҳлари билан ўғринча кузатиб қолди.

Маҳлиё ўқитувчиси Акрам Солиевични севиб қолган. Фақат у ҳақида ўйлагани ўйлаган. Ётсаям, турсаям, уйдаям, кўчадаям хаёли унда. Ҳа, ўқитувчининг оиласи, фарзандлари борлигини билади. Бу ҳис-туйғулари уни охири вой кўчага бошлаётганини ҳам тушунади. Аммо у қанчалик бу тўғрида ўйламасин, бефойда. Муҳаббати кун сайин аланга олиб, ақл-ҳуши тамомила жиловидан чиқиб борарди.

У ўқитувчисининг эътиборини тортиш учун нималар қилмади. Ўзига бошқача оро берди. Ҳар куни кўзга ташланадиган бичимларда янги либослар кийди. Бу бошқа кўп йигитларнинг диққатини тортди-ю, аммо ўқитувчисини ром этолмади. Акрам Солиевич ҳар сафар Маҳлиёнинг ёнидан ўқитувчиларга хос одоб ва тавозе билан ўтар, уни кутиб, ўзига қадалиб турган умидли нигоҳга совуққина қараб, бепарво бурилиб кетарди.

Маҳлиё кеча анчадан буён ўйлаб, кўнглида обдон пишитиб юрган режасини амалга оширишга чоғланди. У қизлик ор-номусини ҳам, ғурурини ҳам унутиб, Акрам Солиевичнинг телефонига СМС ёзди. Унга севги изҳор қилди, истироҳат боғининг хилватроқ жойига таклиф қилди.

Маҳлиё кўзгу ёнида туриб, ўзига аввалгидан ҳам зиёд оро берди. Бахмалдай қуюк, қалин сочларини шаршарадай елкасига ташлаб, гулдор кофтасини кийди. Сўнг ўзи учрашув тайин этган жойга бориб, шу яқиндаги ўтирғичга ўтирди. Орадан қанча вақт ўтди, билмайди, бир пайт:

- Нодирова, яхшимисиз? – деган овоз эшитилди. Бу Акром Солиевич эди.

Маҳлиёга қўл узатиб, саломлашди, аммо ўтирмади.

- Маҳлиёхон, - деди у ён-атрофга эҳтиёткор назар ташлаб. - Биласиз, мен оилалиман, икки нафар фарзандим бор, янгангизни ҳам танисангиз керак.

Акрам Солиев бир зумлик сукунатдан сўнг қўл соатига шошилинч бир қараб олиб, сўзини меҳрибонлик билан давом эттирди:

 - Туйғуларингизни қадрлайман. Мен ҳам сизнинг ёшингизда шундай ҳисларни бошдан кечирганман. Сизни тушунаман. Келинг, ака-сингил ёки дўст бўлиб қолайлик. Фақат илтимос, ваъда беринг, бошқа менга бундай хат ёзмайсиз, хўп.

Маҳлиё ўқитувчисининг юзига ҳатто қарай олмади, сўзларига жавоб ҳам қайтармади. У уятдан қизарди, илк муҳаббати жавобсиз қолганидан, ҳамияти топталганидан ўтирган кўйи ҳайкалдай қотиб қолди. Бир аҳволда судралиб уйга келди. Ўзини каравотига отди. Унинг учун гўё ҳаёт тугаган, дунё зимистонга айланганди...

Ярим тунми ёки тонг маҳалми, билмайди. Ўрнидан турди ва бир шум ният учун ҳовлига чиқди…

...Маҳлиё кеча содир бўлган воқеаларни эслаб, қўрқиб кетди. Хайрият, деди у хаёлан. Челакка туртиниб кетибман, отам уйғониб қолибди. Акс ҳолда...

Ташқаридан онасининг товуши эшитилди:

- Моҳи, тур, тайёргарлик кўрайлик. Бугун совчилар келармиш, қизим.

 Гулбаҳор Жуманазарова,

 Пахтачи тумани.