Тушкунликка йўл берма зинҳор, эзгу ишлар боқий бегумон!

Отам Зиёдулла Нурматов баҳорни яхши кўрарди, гўзалликни севарди. Баҳор гулларига қараб завқланарди. Умуман, табиатнинг ҳар бир мўъжизасидан ҳайратга тушарди. Ҳар йили баҳор келиши билан табиат қўйнига ошиқар, унинг бағрида кўпроқ бўлишни истарди.
Мана, яна баҳор келди. Аммо тақдир экан, отам бу йилги баҳорни кўра олмади...
Зиёдулла Нурматовнинг “Мангуликнинг ибтидоси армондир” номли китобини ўқир эканман, армоннинг нақадар дард эканлигини энди тушунгандай бўляпман. Армонсиз киши дунёда бўлмаслиги ва буюкликка етиш ҳам фақат армон билан эканлигини ўзимда ҳис этяпман.
Отам янги китобларини чиқариш ниятида юрганди. Афсуски, бу ҳам армон бўлиб қолди. Бу китоб қарийб нашриётга тайёр эди. Негадир, дадам бу китобни чиқаришни орқага сураверди. Яна нималардир қўшишни режа қилганмиди ёки яна бошқа бир мақсадлари бормиди, билмадик. Китобни яқин кунларда чиқарамиз, деб турганларида, оддий шамоллаш туфайли ётиб қолдилар...
Орадан беш ой ўтар ўтмас отамнинг йўқлигига чидай олмаган онам ҳам оламдан ўтди. Ҳали оғриқли ярамиз битиб улгурмасдан яна бир айрилиқ обошдан ўтказдик. Ота-онам шунчалик бир-бирига меҳр ришталари билан боғланган экан...
Тақдир ана шундай кутилмаган синовлари, кутилмаган айрилиқлари билан инсонни синар экан.
Ижод намуналарини ўқир эканман, отамнинг мақсади инсонларни эзгуликка, яхшиликка чақириш бўлганлигига амин бўлдим. Ҳар доим яхшилик қилинг, деб бизга ҳам ҳам кўп насиҳатлар қиларди:
Қолиб кетар энг яқин дўстлар,
Қолиб кетар энг яхши китоб.
Ачинасан, аммо чора йўқ,
Сўнгги онлар қилса гар хитоб.
Қолиб кетар тип тиниқ осмон
Тунлар мафтун боққан юлдузлар.
Сирларини айтиб меҳрибон,
Маюс мунгли боққувчи кўзлар.
Қолиб кетар уйинг, гўзал ёр
Ва ёқимли қўшиқларинг ҳам.
Қолиб кетар фарзанд ва диёр,
Лек кета бил мағрур хотиржам.
Майли қолсин рақиблар ҳиссиз,
Разолатнинг жонкуярлари.
Орзуларку кўп эди эссиз
Битмаган иш кўп эди ҳали.
Инон, қолар яхшилар ҳам бор,
Эзгулик деб куйдиргучи жон.
Тушкунликка йўл берма зинҳор,
Эзгу ишлар боқий бегумон!
Ана шу каби ижод намуналари битилган отамнинг “Армон” деб номланган китобини Тошкентдаги нашриётлардан бирига чоп этиш учун бердик. Худо хоҳласа ушбу китоб ҳам тез кунларда мухлислар қўлига тегади.
Ҳулкар НУРМАТОВА,
журналист.