Учар такси лойиҳаси ёки Япония парвозга тайёрланмоқда

Япония ҳукумати 2023 йилда учар автомобиллар лойиҳасига старт беришни режалаштирмоқда. Лойиҳа устида 2014 йилда асос солинган Toyota компаниясининг собиқ муҳандиси Томохиро Фукудзава бошчилик қилаётган Sky Drive стартапи фаолият олиб бормоқда.
Юздан ортиқ хусусий компаниялар иштирок этаётган лойиҳанинг асосий мақсади – аҳоли зичлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам берувчи, тижорат учар такси намунасини яратиш.
Мамлакат ҳукумати янги турдаги транспорт турининг пайдо бўлиши, йўллардаги тирбандликлардан халос бўлишга ёрдам беришига умид қилмоқда. Ҳукуматнининг ушбу лойиҳадан якуний мақсади - ҳаво кенглигидан фойдаланган ҳолда катта шаҳарларда одамларни ташиш, янги турдаги транспорт билан тоғли ҳудуд ва алоҳида оролларни таъминлаш, шунингдек, табиий офат ва фавқулодда вазиятларда ундан фойдаланиш.
Фукудзаванинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аэротакси лойиҳасини 2023 йилда тижоратлаштиришни режалаштирмоқда.
“Биз ҳаво таксиси хизматини катта шаҳарларда, Осака ёки Токиода ишга тушириш режасини кўриб чиқмоқдамиз. Дастлаб денгиз устидан учиб кўрамиз, сабаби бирдан одамлар устидан учиш жуда хавфли ҳисобланади”, - деди Томохиро Фукудзава.
Синчковлик билан синовдан ўтказилганидан сўнг, улкан дронга ўхшайдиган Sky Drive ускуналари шаҳар чеккасида учишни бошлайди. Автопилот тизими бўлишига қарамасдан, дастлабки учиш вақтларида ускуна ичида учувчи бўлади. Шунингдек, Фукудзаванинг сўзларига кўра, ўн дақиқали учиш нархи вертолётда учиш нархидан сезиларли даражада арзон бўлади. Sky Drive 2024 йилда янги турдаги автомобиль фаолиятини йўлга қуйишни, 2028 йилда эса инновацион автомобиллар савдосини бошлашни режалаштирган.
Учар автомобиль ғояси янги эмас, дунёда юздан ортиқ шунга ўхшаш лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар устида Boeing, Airbus ва Uber Technologies каби гигантлар фаолият олиб бормоқда. Бироқ Sky Drive томонидан ишлаб чиқилган учар автолар ўзининг ўлчамлари билан ҳозирса ягона бўлиб турибди. У дунёдаги энг кичик учар авто бўлиб, ичига икки кишини сиғдира олади.
Томохиро Фукудзаванинг фикрига кўра, 2050 йилга келиб учар такси ёрдамида Токионинг 23 тумани узра ўн дақиқа ичида исталган нуқтага етиб бориш имкони пайдо бўлади.
Бекзод Мусурмонов тайёрлади.