Украина ҳукумати мамлакат осмони парвозлар учун хавфсиз эканлигини айтмоқда
Хорижий ОАВлар, ғарб суғурта компаниялари мамлакат ҳудудидаги парвозлар учун кафолатларни бекор қилгани боис Украина ҳаво ҳудуди ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатди.
Украина расмийлари ҳаво ҳудудининг ёпилиши ҳақидаги маълумотни рад этди ва Украина осмони парвозлар учун хавфсиз эканлигини билдирди.
Қайд этилишича, “Бориспол” халқаро аэропорти одатдаги режимда ишламоқда.
Аммо 30 дан ортиқ мамлакат ўз фуқароларига зудлик билан Украинадан чиқиб кетишни маслаҳат беришди, баъзилар бу чақириқни бажаришди.
Айтиш жоизки, сўнгги ойлар давомида АҚШ ва Ғарб ОАВлари Россияни Украина чегарасида қўшин тўплаётганидан огоҳлантириб, Украинага “бостириб кириш” учун тайёрланаётганига даъво қилмоқда. Россия эса барча айбловларни инкор қилиб, Киевдан Минск шартномаларини бажаришни талаб этмоқда.
Германия канцлери Олаф Шолц бугун Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар олиб боради, эртага Россия президенти Владимир Путин билан учрашади.
Олаф Шолц “Украинага қарши ҳарбий тажовуз, унинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид қилиш, биз тайёрлаган санкцияларни қўллашимиз, Европа ва НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳаракат қилишимиз мумкин", дея таъкидлаб ўтган.
Ўз навбатида украиналик депутат хорижликларнинг мамлакатни тарк этаётганидан норозилик билдирди.
Рада депутати Вадим Рабинович Facebookда Ғарбнинг Украинага қарши “уруш” бошлаганини эълон қилди. “Хориж давлатларининг фуқароларига Украина тарк этиш тавсияси, дипломатларни олиб чиқиш, инвесторлар кетиши, ҳаво қатновини тўхтатиш - бу энг кучли санкцияларга тенг", деб ёзган Украина Рада депутати Вадим Рабинович.
Аммо депутат украиналик олигархлар, йирик бизнес эгаларининг бирин-кетин мамлакатни тарк этаётганига изоҳ бермаган.
Парламентарийнинг сўзларига кўра, Киевнинг ғарбий ҳамкорлари баёнотлари туфайли Украина иқтисодиёти “тўхтаб қолиши” мумкин.