Украина Россия билан асосий музокараларни август ойига мўлжаллаётганини маълум қилди

Украинанинг уруш бўйича музокаралар гуруҳи раҳбари Давид Арахамия ҳозир Киев томони музокараларни қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқмаётгани, бироқ август ойининг охирида музокара бошланиши мумкинлигини айтди.

Бу ҳақда у «Voice of America»га берган интервьюсида маълум қилган.

У Украина Россия билан тинчлик музокараларини фақат фронтдаги позициялари мустаҳкамланган тақдирдагина қайта бошлаши мумкинлигини айтган.

«Биз ўз режаларимизни руслар билан бўлишмоқчи эмасмиз, чунки улар буни очиқ манбаларда кўриши мумкин. Менимча, баъзи жойларда қарши ҳужум операцияларини ўтказамиз. Биз Истанбулда таклиф қилганимиз каби қандайдир сиёсий келишувни кўриб чиқишимиз мумкин.

Масалан, бир неча йилдан бери Қрим масаласига тўхталмадик. Биз буни ҳарбий йўл билан эмас, балки дипломатик ва сиёсий йўл билан ҳал қиляпмиз», деган у.

Шунингдек, расмий агар Россия ҳарбийлари ҳудуддан олиб чиқилса, ёки улар ихтиёрий равишда 24 февралгача бўлган жойга кўчиб ўтса, минимал мақбул келишув бўлишини айтган.

«Шундан сўнг барча суверен ҳудудлар, жумладан, Қрим ҳамда Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудларини қайтариш ҳақида гапириш мумкин бўлади», дейди Арахамия.