Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Улуғбек мадрасасида иқтисод илми ўқитилганми?

Яқинда Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуманда Мирзо Улуғбек мадрасасида ислом таълимоти билан бирга ижтимоий гуманитар аниқ ва табиий фанларнинг ҳам ўқитилганлиги ҳақида фикр юритилди.

Мен иқтисодчи сифатида ўша даврда мадрасада иқтисодий билимлар бўйича дарс ўтилганлиги билан қизиқдим ва тарихий манбаларни ўргандим.

  Ҳозирги кунда бизда оммалашган маркетинг, менежмент, иқтисодиёт каби ижтимоий-гуманитар фанлар у даврда бошқача номлар билан мадрасада ўтилган.  Самарқанддан Европа ва Осиёни боғлаб турувчи энг қисқа, кам харажатли Буюк Ипак йўли шу билимларга асосланиб танланган. Тижоратчилардан даромад олиш мақсадида шаҳар атрофида карвонсаройлар қурилиб, уларнинг шаҳарда бир муддат қолиши, дам олиши учун барча шарт-шароит яратилган, хавфсизлиги таъминланган.

“Темур тузуклари”да 1342-1405 йиллардаги Мовароуннаҳрнинг ижтимоий-сиёсий аҳволи Темур ва темурийлар давлати, қўшни, чет эл мамлакатлари билан муносабатлари акс эттирилган. Унда давлат хазинаси 12 та тоифадан иборатлиги, тоифага қараб ойлик маошларининг табақаланиши, солиқ ва жарималар, хазинанинг кирим чиқимлари, лалми ерлардаги солиқ енгилликларининг қўлланиши бу соҳада ишлаганларнинг иқтисодий билимга эгалигидан далолат беради.

Мирзо Улуғбекнинг давлат бошқаруви нафақат илму фан, маърифат соҳасига, балки “Темур тузуклари” каби иқтисодий билимларга асосланган.

Мирзо Улуғбек асос солган мадраса фаолиятини ҳозирда Самарқанд давлат университети давом эттираётганини кўриб турибмиз.

 Ҳозирда университетнинг 18 факультетида 1000 дан зиёд педагог-ўқитувчи 18 мингдан ортиқ талабага мутахассислик йўналишида сабоқ бермоқда. Қолаверса, олийгоҳда рақамли иқтисодиёт факультети, рақамли иқтисодиёт, инсон ресурсларини бошқариш ва тармоқлар иқтисодиёти кафедралари ташкил қилинди. Рақамли иқтисодиёт факультетида 5 та профессор, 11 та доцент, PhD дипломи совриндорлари, жами 40 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда.

  Факультетимиз ҳозирда Чехия давлатининг Прага метрополитен университети ва Чехия табиий фанлар университети, Испаниянинг Гранада университети, Ҳиндистоннинг Ж.Неру номидаги Деҳли университети, Россиянинг Выcшая школа экономики, Пермь университети, Қозон федерал университети, Беларуснинг Минск радиотехника университети, АҚШнинг Пенсильваниядаги Georgean университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бизнинг олимлар ҳам хорижий олийгоҳларда ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашмоқдалар, маърузалар ўқишмоқда.

  Рақамли иқтисодиёт факультети Мирзо Улуғбек таълимотининг вориси сифатида университетни флагманга айлантириш бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, келгуси 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб бизда халқаро стандартлар талабига жавоб бера оладиган даражада ўқув дастурлари, ўқув қўлланмалар тайёрланади. Мақсад - дунёнинг нуфузли 500 олий ўқув юртлари қаторидан жой олиш.

Ахтам Низомов,

СамДУ рақамли иқтисодиёт 

факультети доценти.