“Умид ниҳоллари-2022”: Самарқанд шаҳар жамоасига Президент совғаси топширилди

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари-2022” спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир қатнашчиларини вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов табриклади.

5 апрель куни республика бўйлаб старт берилган мазкур мусобақада вилоятимиздан 11 спорт тури бўйича 540 минг нафар ўқувчи иштирок этди. Турнирнинг вилоят - финал босқичи 22-26 апрель кунлари туман ва шаҳарларда бўлиб ўтди ва унда 509 нафар истеъдодли ўқувчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Тадбирда мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган Самарқанд шаҳар жамоасига Президент совғаси - “Damas” автомашинаси ва ўқувчиларнинг ҳар бирига ноутбук, иккинчи ўринни эгаллаган Иштихон тумани спортчиларига телевизор, учинчи ўринни банд этган Ургут тумани ёшларига велосипед, медаль, диплом ва кубоклар топширилди. Шунингдек, уларни мусобақаларга тайёрлаган ўқитувчи-мураббийлари спорт экипировкалари билан тақдирланди.

- Бу мусобақада миллий кураш спорт тури бўйича 14-15 ёшлилар орасида ғолиб бўлдим, - дейди Самарқанд шаҳридаги 73-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Иноятилла Исматуллаев. – Бундан ташқари, мазкур турнирда кўплаб дўстлар орттирдим. Жамоамиз билан юқори натижага эришиб, Президент совғасини қўлга киритганимиз бизга шижоат бағишлади ва келгусида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларига чиқишимиз учун умид берди.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.