Умиданинг қўғирчоқларига америкаликлар ҳам харидор

Умида Маҳмудова – қўли гул ҳунарманд. У 1986 йилда Самарқанд шаҳрининг Дукчиён маҳалласида дунёга келган.

- Туғилганимда бошқа гўдаклар қатори соғлом бўлган эканман, - дейди у. - Онамнинг айтишича, энди юра бошлаган пайтимда бахтсиз ҳодиса сабаб умуртқам қаттиқ жароҳат олган. Шундан кейин танамнинг кўкрак қафасидан пастки қисми ишламай қолган. Шу сабаб тўшакка михланиб қолганман.

Умидани бувиси катта қилди. Ўқиш ва ёзишга қизиқтирди.

- Бувим мактабда немис тилидан дарс берарди, - дейди Умида. – У мени махсус мактабда эмас, соғлом болалар қаторида таълим олишимни истаган ва ўзи фаолият юритадиган таълим муассасасига олиб борган. Мени ўқитувчилар ва синфдошларим яхши кутиб олишди. Аравачада ўтирсам ҳам тушкунликка тушмасдан, ўзимни соғлом болалардек ҳис қилиб, ўқий бошладим. Синфда энг аълочи ўқувчилар сафида эдим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 4-синфда ўқиб юрган кезларимда танаффус вақти мактаб болаларидан бири ёнимга келди-да, юзимга қараб туриб, “чўлоқ”, деди... Бу сўз руҳиятимга қаттиқ таъсир қилди. Шундан сўнг ота-онамга бўлган воқеани айтдим ва энди мактабга бормайман, деб туриб олдим.

Умиданинг илм олишини чин дилдан истаган бувиси ва ота-онаси уни уйда бўлса ҳам ўқитишни мақсад қилди.

- Ўқитувчилар уйга келиб, дарс ўта бошлади, - дея сўзида давом этди Умида. - Ўқувчилик давримда танамдаги касаллик ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳаракатим чекланганлиги боис иммунитетим паст, қувватим кам, бошқа касалликларга ҳам тез-тез чалинар эдим. 1990 йилда умуртқамни операция қилишган, аммо фойда бермаган. Ўша пайтларда шифохонага бориб келишда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти биноси ёнидан ўтаётиб, албатта шу олий ўқув юрти талабаси бўлишни ният қилганман.

Мактабни тугатгач, бекорчиликдан зериккан Умида нафақа пулларидан йиғилган маблағга ноутбук сотиб олди. Интернет тармоғи орқали танасидаги дарднинг тарихини ўрагана бошлади. Чет элнинг машҳур университетлари клиникаларига касаллик ташхисини жўнатди.

- Касаллигимнинг қисман бўлса ҳам шифоси бор экан, - дейди суҳбатдошимиз. - Лекин бунинг учун катта пул керак эди. Оиламизда эса бунга имконият йўқ эди. Моддий ёрдам сўраб ҳукуматимизга мурожаат қилдим. Шунда Андижон давлат тиббиёт институти профессори, неврожарроҳ Қобилжон Турсунович  касаллик тарихимни ўрганиб чиқиб, жароҳат олган вақтимда умуртқамдаги асаб томирлари карахт бўлиб қолганлигини айтди. Чет элда қилинадиган муолажани ўзимизда ҳам қилиш мумкинлигини, қаерда бажарилганда ҳам бутунлай оёққа туриб кетиш қийин, аммо кўкрак қафасидан пастки қисмида сезгилар пайдо бўлишини тушунтирди. Шундан сўнг шифокор таклифига биноан, 6 ой давомида Андижонда электродли ҳамда бошқа муолажаларни олдим. Аҳамиятлиси, ҳеч қандай маблағ сарфламадим. Орадан бироз вақт ўтиб, ўзимни тутадиган бўлдим ва жисмонан яхшиландим.

Энди Умиданинг ҳаётга бўлган қизиқиши яна-да ортди. Интернет орқали касб-ҳунар ўрганишга киришди.

Аввалига сингилларим билан торт ҳамда турли хил ширинликлар пиширишни ўргандим, - дейди у. - Кейинчалик рўзғорга фойдамиз тегиши учун, тайёрлаган маҳсулотларимизни яқин атрофдаги дўконлар орқали сота бошладик. Кунларнинг бирида қайсидир ижтимоий тармоқда бир видеолавҳага кўзим тушди. Унда бир ҳунарманд бежирим қоғирчоқлар ясаётгани акс этган эди. Уни юклаб олдим. Керакли ип ва анжомларни тайёрладимда, қўғирчоқ тўқий бошладим. Бу ишни уддаладим. Тайёрлаган маҳсулотларимдан 2 тасини суратга олиб, телеграмдаги синфдошларимизнинг гуруҳига жойладим. Улар кўрди-да, нархи билан қизиқа бошлади. Аслида мен уларни сотиш учун тайёрламаган эдим, аммо мижоз топилгач сотдим. Дастлаб, қизиқиш бўлган бу жараён бора-бора бизнесга айланди. Ҳозирги кунда шаҳримиздаги кўплаб савдо дўконларига тарқатаман, буюрма асосида чет давлатларга, жумладан, Тожикистон, Қозоғистон, Россия Чехия, ҳатто Америкага ҳам почта орқали мижозларга етказиб беряпман. Хорижликлар бир қўғирчоқни ўртача 20 доллардан харид қилади, ўзимизда эса 100 минг сўм атрофида сотилади. Уйда ўнлаб шогирдлар ҳам тайёрлаяпман. Бундан ташқари мендан ижтимоий тармоқлар орқали бу ҳунар сирларини ўрганаётганлар ҳам талайгина.

Умида бу ҳунаридан  ташқари, тикувчилик, рассомчилик билан ҳам шуғулланади. Шу йил у ўзи истаган олий ўқув юртининг талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди. Шунингдек, у спорт билан ҳам шуғулланади. Узоқ масофага югуриш марафонларида, аравачада бўлса ҳам иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган. Айни пайтда у спортнинг камондан ўқ отиш тури бўйича машғулотларга қатнаяпти.

Ҳа, Умида Маҳмудова имконияти чекланган бўлишига қарамасдан – талаба, тикувчи, тўқувчи, пазанда, рассом, спортчи. У бу билан тўрт мучаси соғ бўла туриб, боқимандалик кайфиятига тушиб қолган кўпгина аёлларга ўрнак бўла олади.

Ситора Рустамова,

Бахтиёр Мустанов (фото).