Ун нархи ошди, компенсация миқдоричи?
Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 октябридан ун нархининг давлат томонидан белгиланишига чек қўйилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди.
Шу боис 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун тўланаётган пул компенсацияси кўпайтирилди.
Жумладан, қарор билан ёшга доир пенсия, ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчиларга ҳамда икки ёшгача бўлган бола парвариши учун тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 2019 йил 1 октябрдан 22,3 минг сўмдан 50 минг сўмга оширилди.
Мазкур қарор билан компенсация тўловлари миқдори жорий йил 1 октябрдан оширилиши муносабати билан юқоридаги пул конпенсацияси олувчи тоифадагиларга пул компенсациялари миқдори октябрь ойи учун Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида автоматик тарзда қайта ҳисобланади ҳамда оширилган миқдорлар фарқи бўйича пул компенсацияси қўшимча тўлов ведомостлари тузилган ҳолда тижорат банклари ва Халқ банки филиаллари томонидан октябрь ойида тўлаб берилади.
Яъни, октябрь ойи учун 22 300 сўм тўлов ведомостларига киритилган бўлса, жорий ой учун қўшимча равишда 27 700 сўм, жами 50 000 сўм (22 300+27 700=50 000) тўланади. Шунингдек, ноябрь ойидан бошлаб, ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўловлари амалга оширилиб борилади.
Ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланган бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар ҳар ойлик пул компенсацияси октябрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ноябрь ойида тўланиши таъминланади.
Яъни, октябрь ойида 22 300 сўм тўланади ҳамда октябрь ойи учун 27 700 сўмлик фарқ ноябрь ойи компенсациясига қўшиб, жами 77 700 сўм (50 000+27 700=77 700) тўланади. Декабрь ойидан бошлаб эса ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўловлари амалга оширилади.
Компенсация олувчилар тоифасига 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга бериладиган нафақа олувчилар ҳамда энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар ҳам киритилаётганлиги сабабли ушбу тоифадагиларга октябрь ойида тўланиши керак бўлган пул-компенсацияси ноябрь ойи пул компенсациясига қўшиб тўлаб берилади.
Яъни, октябрь ойи учун ҳисобланган 50 000 сўм компенсация ноябрь ойига қўшилиб, жами 100 000 сўм (50 000+50 000=100 000) тўланади. Декабрь ойидан бошлаб эса ҳар ойда 50 000 сўмдан компенсация тўлаб борилади.
Жорий йил 1 октябргача 22 300 сўмдан пул компенсацияси олувчилар 1 674 945 нафарни ташкил этган бўлса, мазкур қарор билан компенсация олувчиларнинг яна икки тоифаси қўшилиши сабабли октябрь ойидан бошлаб, республика бўйича 2 миллион нафардан ошиқ пенсия, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга компенсациялар тўланади. Компенсацияларни тайинлаш ёки миқдорларини қайта ҳисоблаш (ошириш) учун фуқаролар томонидан қўшимча ҳужжат ёки аризалар талаб этилмайди.
Компенсация тўлови миқдорининг оширилиши ҳамда пул-компенсацияси олувчиларга янги тоифадаги аҳоли қўшилиши муносабати билан юзага келадиган барча қўшимча харажатлар тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади. Умуман олганда, ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан давлат бюджетининг йиллик харажатлари амалдаги 448 миллиард сўмдан 1 триллион 393 миллиард сўмгача ёки 945 миллиард сўмга ортмоқда.
Вилоят маҳаллалар кенгаши.