Кимларга бензин учун компенсация пули берилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 октябрдаги “Автомобиль бензинини сотиб олиш бўйича илгари берилган имтиёзлар ўрнига шахсларнинг айрим тоифаларига ойлик компенсациялари тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан низом тасдиқланган.

Унга кўра, қуйидагилар ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқига эга:
- уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
- уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
- меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногирони бўлган шахслар;
- болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари.

Ойлик пул компенсацияси тўлови уни олиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, енгил автомобиль, мотоаравача ёки мотоцикли мавжуд ва улардан фойдаланадиган шахсларга тайинланади.

Агар автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ишончнома бўйича бошқа шахсга берилганда ойлик пул компенсацияси олиш ҳуқуқи йўқолади.

Ойлик пул компенсацияси тўлови суммасининг миқдори жисмоний шахслардан ёнилғи истеъмоли учун олинадиган солиқ ҳисобга олинмаган ҳолда чакана савдодаги автомобиль бензини (чакана савдода энг кўп тарқалган) муайян маркасининг қирқ литри қийматининг эллик фоизидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланади.

Н.Авазов,
Қўшработ туман бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари.