Самарқандда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 2 та бахтсиз ҳодиса ўлим билан тугаган. Жабрланганларга компенсация пуллари тўланмаяпти
2021 йилнинг 2 январидан 3 январга ўтар кечаси, соат тахминан 00:00 лар атрофида Самарқанд шаҳар 4-умумий ўрта таълим мактаби қозонхонасида ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Оқибатда ҳодиса ўт ёқувчининг ўлими билан тугаган.
Бундан ташқари, 13 январь куни чамаси соат 10:00 да Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчиси билан ўз хизмат вазифасини бажариш вақтида ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса содир бўлган.
Ҳодиса Самарқанд шаҳар, Ҳужум кўчаси, “Самарқанд-Сингапур” хорижий корхонаси рўпарасида “Шаар" ташлама ариғининг қуйи қисмида ёпиқ ҳолатда ўтган қувур ичини маиший чиқиндилардан тозалаш вақтида содир бўлган. Ободонлаштириш бошқармаси ходими қувурга кириб, қуйи қисмида ишлаётган вақтда тўсатдан юқоридан маиший чиқинди ва сув келиб қолиши оқибатида Ш.Пирназаров сув остида қолиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳар икки ҳолат бўйича бугунги кунга қадар марҳумнинг оиласига бир марта бир йўла тўланадиган нафақа тўлаб берилмаган. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик туфайли ойма-ой товон пули нафақаси тайинланмаган.
Қайд этиш лозимки, Самарқанд шаҳар 4-умумий ўрта таълим мактабида ҳам, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасида ҳам иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг хавфлилиги юзасидан аттестация (меҳнат шароитлари баҳолаш)дан ўтказилмаган.
Касаба уюшмалари федерацияси меҳнат инспекциясининг меҳнат ҳуқуқ ва техник инспекторлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Самарқандгеология” акциядорлик жамиятида Меҳнат кодексининг 110, 148-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланган.
Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мухандиси хонасида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасига оид китоблар, қўлланмалар, плакатлар, баннерлар, шахсий ҳимоя воситалари йўқ.
Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари бўйича ўқитишни ташкил этиш юзасидан ўқув хона ташкил этилмаган. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги доимий фаолият кўрсатувчи комиссия юқори ташкилот томонидан ўқитилмаган ва аттестациядан ўтмаган. Ҳайдовчиларни ишга чиқиш ва келишда кунлик тиббий кўрикдан ўтказиш ташкил этилмаган.
Жамиятда мавжуд қозонхонада уч нафар ходим ишлайди. Бироқ қозонхонада ишловчилар хавфсизлик техникаси қоида ва меъёрлари бўйича ўқитилмаган.
Булунғур туманида жойлашган “Озодлик” давлат унитар корхонасида ишчи ва хизматчилари учун ошхона ташкил этилмаган. Меҳнат шароити ноқулай ва зарарли иш жойларда банд бўлган 3 нафар ходим сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқатлар) билан таъминланмаган. Ҳар ойнинг охирги жума куни корхонада “Меҳнатни муҳофаза қилиш куни” ташкил этилмаган. Меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллар сайланмаган.
Ўрганишларда Паст Дарғом туманида жойлашган “Мароқанд” масъулияти чекланган жамиятида Меҳнат кодексининг 34, 110, 148, 161-моддаларининг талаблари бузилганлиги аниқланди. Жумладан, жамиятда саноат хавфсизлиги бўйича штат бирлиги йўқ. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида доимий фаолият кўрсатувчи комиссия юқори турувчи ташкилот томонидан аттестациядан ўтказилмаган.
Меҳнат шароити ноқулай ва зарарли иш жойларда банд бўлган ходимлар ҳар куни 0,5 литрдан сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) билан таъминланмаган. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари бўйича ўқитилмаган.
Нарпай туманида жойлашган Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармасида ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган 12 нафар вакил меҳнат муҳофазаси қоида ва меъёрлари бўйича ўқитилмаган.
Бошқарма ошхонаси фаолиятини юритиш бегона шахсларга берилган. Автохўжалик гаражида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш аптечкаси ташкил этилмаган.
Қайд қилинган иш берувчига камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма ва тавсиялар берилган.
Улуғбек Ғаниев,
Усмон Каримов,
Касаба уюшмалари федерацияси меҳнат инспекциясининг меҳнат ҳуқуқ ва техник инспекторлари.