Ургут бозоридаги тартибсизлик: Кўча кўчалигини қилсин...
“Ургут деҳқон бозори”нинг шарқий томонидан ўтган автомобиль йўлида сунъий тирбандликлар юзага келаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар туша бошлади. Вазиятни ўрганиш учун шу кўчадан машинада ўтишга қарор қилдик.
Аҳвол мурожаатларда баён қилинганидан ҳам баттарроқ. Гап шундаки, мева-чева, полиз ва сабзавот маҳсулотларини сотувчилар йўлнинг икки томонини эгаллаб олишган. Уларнинг айримлари ҳатто йўлнинг устига чиқиб кетгани, харидорларнинг гавжумлиги ҳайдовчиларни мушкул аҳволга солиб қўймоқда. Ачинарлиси, бу издиҳом одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф туғдиряпти.
- Мева-чеваларингизни сал четга олсангиз, ўтиб кетайлик, - дея илтимос қилдик сотувчилардан биридан.
- Қаёққа оламан, ҳамма жой эгалланганку?! - эътироз билдирди сотувчилардан бири.
Бу ердан бир амаллаб ўтгач, сал юрмай, яна тўсиққа дуч келдик.
- Четроқ туринг, хола, - дея сотувчига юзландик. - Шу маҳсулотларингизни бозорда сотсангиз бўлмайдими?
- Ишингиз бўлмасин, - ўдағайлаб берди у. - Кўчанинг хўжайинлари роса кўпайди ўзи. Сиз етмай тургандингиз.
Бошқа сотувчилар ҳам унинг гапини маъқуллаб, ғала-ғовур кўтаришди.
- Бозорда биздақа деҳқонларга ўрин йўқ, - деб луқма ташлади уларнинг бири.
Аслидачи?
Гувоҳ бўлдикки, “Ургут деҳқон бозори”даги аксарият расталар бўм-бўш. Почвон кўчасидаги "Саховат" бозорида ҳам катта-катта савдо расталари деҳқоннинг йўлига маҳтал. Аммо нима учундир кўча савдогарлари бозорга киришни ҳеч хоҳлашмаяпти. Эҳтимол, улар автомобиль йўлини танг қилиб, каттароқ фойда кўришар. Аммо кўпчиликка ноқулайлик туғдираётганликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ҳар нарсанинг ўз вазифаси бор: кўча кўчалигини қилсин, бозор бозорлигини...
Бозорлар раҳбарлари, ички ишлар, СЭОМ, солиқ инспекцияси бўлимлари мутасаддиларидан ушбу ҳолатга эътиборлироқ бўлишларини сўраймиз.
Жаббор НАБИЕВ.