Ургут ва Пайариқда органик чиқиндидан биогаз олиняпти

Махсус ускуналарда органик моддаларни бижғитиш усули билан биогаз олиш технологиясидан Хитойда биринчи бўлиб фойдаланилган. Ҳозирда мамлакатда миллий энергоистеъмолининг 30 фоизи биогаз ҳисобидан.
Бу қурилма жуда содда бўлиб, кам сонли қорамол ва паррандага эга бўлган ҳар бир хонадон эгаси уни ўрнатиши мумкин. Майдон жиҳатдан кўп жой эгалламайди, реактор учун ҳам жиҳозлар сони кам. Хитойга бориб, ушбу тажрибани ўрганган пайариқлик тадбиркор Алижон Темиров аҳоли хонадонларида қишлоқ шароитида органик чиқиндидан биогаз олишга мўлжалланган кичик ҳажмдаги биогаз қурилмалари ўрнатмоқда.
- Ҳар бир қорамол чиқиндисидан бир кунда 4,2 куб метргача биогаз олиш мумкин, - дейди «УЗБИОГАЗ» МЧЖ раҳбари А.Темиров. – Бошқача айтганда, битта қорамол чиқиндисидан олинадиган кунлик биогаз қарийб 10 килограмм ёғоч-ўтин ёки 5 килограмм кўмир энергиясига тўғри келади. Шу боис Хитойда кўп хонадонларда биогаз қурилмаси ўрнатилган. Бу усулни ўрганиш мақсадида Хитойда бўлдим ва мутахассислар билан тажриба алмашгач, биогаз қурилмалари ишлаб чиқарувчи цех ташкил қилдим. Дастлаб Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Чингиз Баротов хонадонида кичик ҳажмдаги биогаз қурилмасини ўрнатган эдик. Ушбу қурилма орқали фуқаро хонадони ва маҳалла ҳудудидаги 150 ўринга мўлжалланган боғчага биогаз етказиб берилмоқда.
Ҳозирги кунда тадбиркор томонидан биогаз қурилмалари Ургутдаги Деҳқонобод, Қуйиқишлоқ, Санчиқул, Пайариқдаги Уймовут ва Деҳқонобод маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида ўрнатилган.
- Мутахассис тавсияси билан етти ой олдин биогаз қурилмасини хонадонимизга ўрнатган эдик, - дейди Уймовут маҳалласида яшовчи Худойберди Темиров. – Икки бош қорамол гўнгидан олинадиган газ билан рўзғоримизда овқат пишяпти, чой қайнаяпти ва керакли пайтда уйимизни ҳам иситяпмиз. Қолаверса, ортган ўғитни маҳалла аҳолисига сотяпмиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.