Ургутда депутатни ҳақоратлаган шахс қамалди

Махсус комиссиянинг қарори билан инсон учун хавфли бўлган “СОVID-19” вирусининг аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 10 июль кунидан бошлаб Республика ҳудудида карантин қоидалари кучайтирилган эди.

Ургут туманида истиқомат қилувчи М.А. бундан бехабар кўринади.

Жорий йилнинг 2020 йил 10 июль куни соат 14:30ларда фуқаро М.А. Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ, Миллий гвардия ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат гуруҳ томонидан туманнинг Ўртагузар маҳалласи ҳудудида аҳолининг карантин қоидаларига амал қилишларини назорат қилиш бўйича ҳаракатларидан норози бўлиб, карантинли ва инсон учун  хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз, маст ҳолатда юргани маълум бўлган. Шунингдек, у маҳалла марказида ҳеч бир сабабсиз халқ депутатлари Ургут тумани Кенгаши депутати Б.Б.ни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, туман бўйича ИИО ФМБ ва Миллий гвардия ходимларининг аҳолига нисбатан ноқонуний ҳаракатлари бўйича депутат сифатида ҳеч қандай чоралар кўрмаётганлигини айтиб, жамоат тартибини бузувчи ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган майда безорлик содир этган.

Ургут тумани маъмурий суди раиси Акмал Алимовнинг маълумот беришича, ушбу ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, унга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Туман маъмурий судининг 2020 йил 21 июлдаги қарори билан фуқаро М.А. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилиб, шу Кодекснинг 34-моддасига асосан унга нисбатан узил-кесил 10 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланди.