Ургутда ўтган “Адлия сайли”да 28 мурожаат жойида ҳал этилди

Ургут тумани марказий истироҳат боғида “Адлия сайли” ташкил этилди. 50 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари бир ерда жам бўлган ушбу йирик тадбирда фуқароларга ҳуқуқий йўналишда тушунтиришлар бериш билан бирга уларга турли хизматлар кўрсатилди.

Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси, Ургут тумани давлат хизматлари маркази ҳамда туман 1-сон ва 2-сон ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, уларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, шу ернинг ўзида аҳолига сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.

Тадбир давомида фуқаролардан 80 га яқин мурожаат келиб тушди. Уларнинг 28 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди. Рўйхатга олинган бошқа мурожаатлар кўриб чиқиш учун масъул органларга юбориладиган бўлди.

Туман марказидан олисда жойлашган қишлоқда яшовчи Кубарро Рустамова учун ушбу сайл доирасида кўрсатилган сайёр давлат хизматлари унинг учун қулай имконият туғдирди. Боиси, у 2016 йилда туғилган фарзанди Машҳурани шу ернинг ўзида боғчага жойлаштириш учун ариза билан мурожаат қилиб, навбатга қўйди. 

Бундан ўттиз йил илгари қўшни Қирғизистон Республикасидан Самарқандга кўчиб келган М.Мамадалиева 4 нафар фарзандини шу ерда дунёга келтирган бўлса-да, турли сабаблар билан шу бугунгача уларнинг бирортасига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олмаган. Онахоннинг ўттиз йиллик муаммоси ушбу сайлда бир неча дақиқада ҳал этилди. Унинг барча фарзандларининг туғилганлиги қайд этилиб, гувоҳномалар шу ернинг ўзида тантанали топширилди.

Бундан ташқари, “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи С.Шарипов ва Ф.Зиёева қонуний никоҳдан ўтмасдан, шаърий никоҳ билан яшаб келаётганини айтиб, никоҳини қонунийлаштиришда амалий ёрдам сўради. Ургут тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан уларнинг никоҳи шу ернинг ўзида расмийлаштирилиб, никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Тадбирда ана шундай масалаларда мурожаат қилган оилаларнинг 14 нафар фарзандига тадбир давомида туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилди.

Тадбир давомида ҳудуд аҳолисидан СТИР, ипотека кредитига давлат субсидиясини олиш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, электрон рақамли имзо калити, архив маълумотларини олиш, электр тармоқларига уланиш сингари масалалар бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмади.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати.