Ургутда талабга жавоб берадиган санитар-гигиеник шохобча йўқ

Сайтимизда “Самарқанд тумани масъулларига туризм ўгай соҳами?” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда туманда соҳани ривожлантириш борасида туман масъулларининг фаолияти қониқарсиз эканлиги аниқ мисолларда баён қилинган.

Қайд этиш лозимки, Ургут туманининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни комплекс ривожлантириш “Йўл харитаси”нинг ижросида ҳам худди шундай камчиликларни кузатиш мумкин.

Мисол учун, Омонқўтон ғори йўлида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, йўл бўйида инглиз, рус ва ўзбек тилларидаги 5 та йўл кўрсаткичларини июнь ойида ўрнатиш белгиланган. Бироқ вилоят ҳокимлиги томонидан берилган бу топшириқ бугунги кунга қадар бажарилмаган.

Шунингдек, сентябрь ойига қадар ғорга, унинг яқинидаги шаршара ва кўлларга олиб борувчи пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ва хавфсизлик талабига жавоб берувчи ҳолатга келтириш ишлари амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг айни шу масалага оид қарори бўлишига қарамасдан, туманда мавжуд 46 та автомобилларга ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларидан 17 тасининг ҳожатхоналари ҳамон талабга жавоб бермайди.

Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тадбиркорлик субъектларига намунавий, жумладан, тармоқли лойиҳалар асосида замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун 80-100 квадрат метр ўлчамда ер участкаларини электрон аукционга қўймасдан олиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномасига кўра, устуворлик ҳуқуқи тақдим этилиши белгиланган.

Юқоридаги қарорга асосланиб, Ургут туманида яшовчи фуқаро Зайниддин Шамсиев туман марказида аҳоли гавжум бўладиган жойдан санитар-гигиеник шохобча барпо этиш бўйича туман ҳокимлигига 2019 йилнинг декабрь ойидан буён бир неча бор қилган мурожаати масъул ташкилот раҳбарларининг эътиборсизлиги сабабли ўз ечимни топмай келмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг туман ҳокимлигига киритилган илтимосномаси ҳам масъулларни ҳаракат қилишга ундай олмаган.

Ваҳоланки, бугунги кунда Ургут тумани марказида аҳоли ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун талабга жавоб берадиган санитар-гигиеник шохобча мавжуд эмас.

Туманда туризм салоҳияти мавжуд ҳудудларни хатловдан ўтказиб, аниқланган ер участкаларини туризм хизматлари кўрсатишни ташкил этиш бўйича бирорта ер майдони е-Ijro.auksion электрон савдосига жойлаштирилмаган.

Бундан ташқари, туманда жойлашган “Баҳора”, собиқ “Молодая Гвардия”, собиқ “Интурист”, “Юлдузча” оромгоҳлари хусусий секторга тақдим этилган бўлса-да, ташаббускорлар томонидан самарали фойдаланиш бўйича ҳеч қандай амалий чоралар кўрилмаган.