Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда ёзувчи Асад Дилмурод хотирасига бағишлаб музей очилди

Ургут туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Aсад Дилмурод хотирасига бағишлаб музей ташкил этилди.

Бу ерда ёзувчи асарлари, унинг шахсий кутубхонасидан келтирилган китоблар, кийимлар, сурат ва портретлар сақланмоқда.

- Мазкур музей вилоят ҳокими қарори билан ташкил этилди, - дейди ёзувчининг синглиси Анора Худойқулова. – Бунинг учун акамнинг барча яқинлари номидан миннатдорлик билдираман. Музейни ўқувчилар учун қизиқарли бўлган, уларнинг тарихга, адабиётга меҳрини ошириш, тасаввурларини бойитиш учун хизмат қиладиган ашёлар билан тўлдириб боряпмиз. Aкамнинг китобга муҳаббати бошқача эди. Шунинг учун музейга китоблар жавонини келтирдик. Бу жавонда ёзувчи яратган китоблар, у севиб ўқиган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари жойлашган.

Шунингдек, Асад Дилмурод ҳаёти ва ижоди акс этган фотосуратлар, асарлари қаҳрамонларининг портретлари ҳам музейдан ўрин олган. Акам “Ленин йўли”, ҳозирги “Зарафшон” газетаси таҳририятида ҳам фаолият олиб борган. Шу газетанинг 60 йиллиги арафасида таҳририят ходимларининг ишланган “венетка” фотосурати музейда сақланаётган нарсаларнинг энг ноёбларидан.

Ўзбек адабиётига янгича руҳ олиб кирган романлар, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ибратли фаолиятига оид тарихий асарлар яратган Aсад Дилмурод китобхонлар қалбида мангу яшайди. Унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бошланган ишлар хайрли бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида муҳим роль ўйнайди.

Шаҳло Неъматуллаева,

Бахтиёр Мустанов.