Ургутдаги «Тeрсак» маҳалласида бир кунда 25 та мeҳмон уйи очилди

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5781-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида Ургут туманида Терсак туризм қишлоғини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг 22 июнь куни қишлоқ ҳудудида 25 та оилавий меҳмон уйларига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги "Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низом" талаблари асосида реестрдан кўчирмалар тақдим этилди.

Ташкил этилган оилавий меҳмон уйлари бир вақтнинг ўзида 250 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жойлаштириш имкониятига эга.

Мазкур ҳудуднинг ўзига хос табиати, шаршара ва сойлари атрофида, тоғ ён-бағрларида дам олиш масканлари ташкил этилган бўлиб сайёҳларни мазмунли ҳордиқ чиқаришларига хизмат қилади. Шу билан бирга меҳмон уйларида туристлар учун, қишлоқнинг табиий сут-қатиқ маҳсулотлари, мева-сабзавотларидан татиб кўриш, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, қишлоқнинг этник урф-одатлари намойиши, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари намойиш этилади.

Мазкур қишлоқда тоғ туризми йўналишида 4 та гид экскурсоводлар фаолият юритади. Ҳудудга ташриф буюрган сайёҳларни тоғ туризми йўналишида пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништириш имкониятлари яратилган.

Самарқанд вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, ташкил этилган оилавий меҳмон уйларида 25 та хонадонда 52 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Келгусида уларнинг хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича малакалари доимий равишда ошириб борилади.