Ургутга борар йўллар кенгаймоқда
Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Ургут туманидаги тош ва тупроқ йўллар таъмирланиб, асфальт ётқизилмоқда. Шу пайтгача Дўстлик, Чағизмон, Мерганча, Сариқтепа маҳаллаларидаги йўллар, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги кўчалар замон талаблари даражасида таъминланиб, янгича кўриниш олди.
4Р-47 “Булунғур шаҳри – Ургут шаҳри – М-39” автомобиль йўлининг М-39 автомагистралидан Ургут тумани марказигача бўлган қисми тегишли дастур асосида 2018-2019 йилларда капитал таъмирланган эди. Айни пайтда ушбу йўлни яна олти метрга кенгайтириш ишлари бошланди. Бу юмушни “Боғишамол йўллардар мунтазам фойдаланиш” корхонаси йўлсозлари амалга оширмоқда.
– Дастлабки босқичда жорий йилнинг октябрь ойига қадар 8 километр йўлни кенгайтириш режалаштирилган, – дейди корхона раҳбари Алишер Ҳасанов. – Ҳозирда ўндан ортиқ техникамиз ёрдамида белгиланган лойиҳа асосида қурилиш ишларини олиб боряпмиз. Йўлнинг кенгайтириладиган қисмидаги тупроқ асос олиниб, тош тўшалмоқда.
Мазкур йўлнинг Ургут шаҳридан ўтувчи 2,3 километридаги таъмирлаш ишлари “Ургут туман йўллардан фойдаланиш” давлат унитар корхонаси томонидан бажарилмоқда. Корхона раҳбари Эшмамат Аблоёровнинг таъкидлашича, бу ерда йўлга янгидан асфальт ётқизиш билан бирга ирригация тизимини янгилаш, пиёдлар йўлаклари ва кўча атрофини ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.