Ургутлик 122 ёшли Улуғ момо “Шуҳрат”ли бўлди

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 29 августдаги "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 100 ёшдан ошган бир гуруҳ фахрийлар “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Улар орасида Ургут тумани Ғойиб ота қишлоғида яшовчи 122 ёшли Улуғ момо Олимова ҳам бор.

Онахонни қутлаш учун вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров ва Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов онахон яшаётган хонадонга борди. Б.Қодиров Президент номидан момони табриклаб, унинг кўксига “Шуҳрат” медалини тақди, байрам совғаларини топширди. Шунингдек, пул мукофоти ва қимматбаҳо совға туҳфа қилинди. 

Онахон бу эътибордан кўнгли яйраб, дуога қўл очар экан, энг аввало, юртга тинчлик, элга хотиржамлик тилади.

- Ҳамиша мени йўқлаб турадиган давлатимдан айланай. Биз, кексаларга алоҳида эътибор қаратган Президентга раҳмат! Вилоят, туман раҳбарларининг йўқловларидан, мукофоту совғалардан бошим кўкка етди, – деди Улуғ момо. 

Биз бир муддат онахонни суҳбатга тортдик. Айтишича, момо ўзига қадрли бўлган сандиқда ҳужжатларини сақлар экан. Улуғ аянинг сарғайган “Меҳнат дафтарчаси”ни кўриб, олис тарих ҳаётига тушиб қолгандай сездик ўзимизни. Унда Улуғ Олимова 1917 йилда Ургут тумани “Самарқанд” жамоа хўжалигида ишчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлагани қайд этилган. Онахон салкам ярим аср давомида ҳудуддаги хўжаликларни ташкил этиш жараёнида фаол қатнашган, қишлоқни ободонлаштириш, янги ерларни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган.

Онахон турмуш ўртоғи Худойберди бобо Қобилов билан 6 фарзандни вояга етказган, ҳозирда 150 нафар невара, чевара ва эварага бош. Муҳими, Улуғ момо уларнинг ҳар бирининг исмини айта олади.

Онахоннинг файзли хонадонидан қайтар эканмиз, Улуғ момо яна дуога қўл очди:

- Ҳаётимда иккита машъум жаҳон урушини кўрдим. Уруш – эртак эмас, уруш – кино эмас, уруш туфайли қанча яқинларимдан айрилдим. Уруш инсониятнинг қон силқиган, жароҳати минг йиллар азоб берадиган яраси. Илоҳим, у кунлар қайтмасин. Тинчлик ва осойишталигимизга кўз тегмасин, унинг қадрига етинг, юрт равнақи учун меҳнат қилишдан толманг!

Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.