«Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгидан-да синовли бўлади» — Махсус комиссия аҳолига мурожаат қилди

Муҳтарам Ватандошлар!

Авваламбор, барчангизни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин юракдан самимий табриклаймиз.

Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик.

Беш ойдан ортиқ вақт давомида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва кўрсатмаларига мувофиқ бу хатарни имкон қадар кам талафот билан енгиб ўтиш учун барча зарур чораларни кўриб келмоқдамиз.

Кўрилган самарали чора-тадбирлар ҳамда тиббиёт ҳодимларининг фидокорона хизматлари натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда коронавирус юқтирган жами 40 мингдан ошиқ фуқароларимизнинг қарийб 38 мингга яқини ёки 93 фоизи соғайди. 2700 дан зиёд беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда, уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгидан-да синовли бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши тез орада аён бўлади.

Шу муносабат билан ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемиологик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз керак.