Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қанча?
Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жойлар фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинди.
Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси вилоят ҳокимликлари томонидан 1 киши ҳисобига 16 квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса – 23 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.
Фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони бир хона тарзида ёки 18 квадрат метрли умумий майдон миқдорида берилади.
Айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқароларга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат бўйича, шунингдек, бажараётган иш шароитлари ва хусусиятига кўра, қўшимча майдон зарур бўлган фуқароларга бундай майдон миқдори кўпайтирилиши мумкин.