Уйда таълим олаётган болаларга қандай имкониятлар яратилган?

2020-2021 ўқув йилида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларининг жами 1324 нафар ўқувчиси уйда якка тартибда таълим олмоқда. Уларга 3370 нафар ўқитувчи дарс беради.

Уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларнинг 1264 нафари ўзбек, 2 нафари рус тилида, 10 нафари тожик тилида ўқийди.

Уларнинг соғлиғи, таълим олиши учун яратилган шароитлар, улар яшаётган оиладаги ижтимоий муҳит вилоят прокуратураси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилди.

Ўрганиш натижасида тиббиёт соҳасига оид 331 та, таълим соҳасига оид 227 та, бошқа йўналишларга доир 136 та муаммо аниқланди. Жумладан, 52 нафар боланинг ногиронлик аравачасига, 5 нафарининг эшитиш мосламасига, 19 нафарининг ҳассага эҳтиёжи борлиги аниқланиб, уларнинг барчасига ушбу жиҳозлар топширилди.  Шунингдек, 138 нафари даволаниш учун тиббиёт муассасаларига бириктирилди.

Бундан ташқари, 9 нафар уйида якка тартибда таълим олаётган ўқувчига 20 турдаги дарслик, 21 нафарига доска, 16 нафарига парта, 7 нафарига ўқув стули, 54 нафарига турли ўқув қуроллари етказиб берилди. Китобхонликка қизиқувчи 98 нафар бола бадиий адабиётлар билан таъминланди. Шунингдек, 21 та умумтаълим мактабига якка тартибда ўқитилаётган ўқувчиларга таълим бериш жараёнида фойдаланиш учун ноутбук совға қилинди.

Ўрганишлар давомида болалар яшаётган оилаларнинг моддий аҳволига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган 31 нафар болага нафақа тайинланди, 7 нафар боланинг ота-онаси доимий ишга жойлаштирилди, бир нафарига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

Аловуддин ОЧИЛОВ,

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш шўъбаси мудири.