«Уйма-уй» лойиҳаси асосида аҳоли муаммолари ҳал этилмоқда

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган жамоатчилик назорат гуруҳлари шу йилнинг январь-февраль ойларида туманимизда бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида хонадонма-хонадон юрди ва 4 минг 300 дан зиёд муаммо ва камчиликларни аниқлади. Уларнинг ижросига бағишланган якуний йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов аҳоли томонидан билдирилган масалаларни ҳал этишни таъминлаш борасида депутатлар олдида турган вазифаларга ҳам тўхталди.

Шундан келиб чиқиб биз, туман кенгаши депутатлари алоҳида режа ва дастур белгилаб олдик. Жумладан, «Уйма-уй» лойиҳаси асосида айни кунларда аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича муайян ишларни олиб боряпмиз.

Жумладан, 5-Охунбобоев сайлов округи ҳудудидаги маҳаллаларда ҳам 4 оила уйсиз, 20 та кам таъминланган хонадонда ишсизлик мавжуд, 7 та ногирон фарзандлари бор оила ижтимоий кўмакка муҳтож экан. Охунбобо, Тоҳиршайх ва Баҳрин каби қишлоқларда ичимлик суви масаласида, Фидокор ва Баҳрин маҳаллаларини ободонлаштиришда камчиликлар бор. Айни пайтда уларга ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотга таклиф киритяпмиз.

Ҳозиргача ҳудудимизда иккита уйсиз оила - Дилноза Шакарова ва Гулбаҳор Боймирзаевага туман ҳокимлиги томонидан уй берилди, Дилшод Нормўминов ва Карим Бекқулов оилаларига ҳомийлар кўмагида уй қуриб беришни бошладик. Уларнинг бири қурилиши якунланиб, оила аъзолари кўчиб ҳам кирди. Кам таъминланган оилаларнинг бештасига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиб, оила аъзоларини ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб қилдик.

Туман йўл қурилиш идораси  Баҳрин-Охунбобоев қишлоқларини боғловчи қарийб 3 километрлик йўлни таъмирлаб, тартибга келтирди.

“Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” дастурлари асосида кредит ажратилишига кўмаклашяпмиз. Жумладан, Охунбобо қишлоғидан Уйғун Қодиров томорқа хўжалигини ривожлантириш учун, Қаҳрамон Алиқулов чорва моллари харид қилиш учун, Баҳрин маҳалласидан Анвар Қурбонов, Олим Сартоев  иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит олди.

Хонадонма-хонадон юриб, аҳоли муаммолари, одамлар таклифларини йил бўйи ўрганамиз. Мақсадимиз - одамларни ўйлантираётган, уларни ташвишга солиб, ечимини кутаётган муаммоларга барҳам бериш, шу билан бирга тадбиркорлик қилишга, томорқаларидан унумли фойдаланишга чорлаш, қўшимча даромад кўришларини таъминлаш.

Абдураҳмон ВАЛИЕВ,

халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати.