Уйқунинг инсон саломатлигига таъсири катта

Уйқу инсон учун ҳаётнинг ажралмас қисмидир. Аҳоли ўртасида соғлом уйқуни йўқотиш соғлиқ, фаровонлик, хавфсизлик ва ҳатто билим даражасига салбий таъсир кўрсатар экан. Дунё эса уйқусизликнинг ҳақиқий пандемиясига дуч келмоқда. Бу нимага олиб келади ва бунга қарши қандай курашишимиз керак? Қуйида уйқунинг инсон саломатлигига таъсири тўғрисида сўз юритамиз.

Уйқу ва хотира


Бу бир-бирига чамбарчас боғлиқ жиҳат. Негаки, инсон ухлаганда кунлик маълумотлар қайта ишланади. Агар биз бирор нарсани ёдлаб олмоқчи бўлсак, уни обдон ўқиб, кейин яхшигина ухлаб олишимиз керак. Уйғоқлик пайтда миямиз маълумот билан тўйинган бўлиб, кечга яқин бирор бир нарсани эслаб қолиши қийинроқ кечади, бироз ухлаб олсак, мияни янги маълумотларни ўзлаштиришга тайёрлар эканмиз.

Инсон кечалари ухламаса нима бўлар экан?


Бу борада тадқиқот ўтказилди, иккита кўнгиллилар гуруҳининг бири 8 соат ухлади, иккинчиси эса бир кеча ухламай чиқди. Эрталаб улар МРТга жойлаштирилди ва бир неча фактларни эслаб қолишлари ва тест топширишлари сўралди. Уйқусиз кўнгиллилар гуруҳи ухлаганларга қараганда вазифани 40 фоиз суст бажарди. МРТ яна шуни кўрсатдики, гиппокамп (миянинг хотира учун жавоб берадиган қисми) ухлаганлар орасида жуда фаол бўлиб, ҳушёр бўлганлар учун деярли ҳаракатсиз эди. Бундан чиқдики, уйқу қанча ёмон бўлса, эслаш қобилияти шунчалик йўқолар экан.

Уйқу ва физиология


Инсон қаришининг физиологик белгиларидан бири бу уйқу сифатининг ёмонлашиши (айниқса, чуқур фазада). Сурункали уйқусизлик (8 соатдан кам ёки 5-6 соат давомида ухлаш) танани 10 йилга қаритади. Шунингдек, репродуктив ва юрак-қон томири тизими билан билан боғлиқ муаммолар бошланади.

Уйқу ва иммунитет


Уйқусизлик иммунитетга қандай таъсир кўрсатади?
Агар бир кеча давомида уйқуни 4 соатгача камайтирсангиз, лейкоцитлар (иммунитет тизими ҳужайралари) фаоллиги 70 фоизга камаяди. Ушбу кўрсаткичлар ниҳоятда қўрқинчли. Айнан иммунитет танқислиги ва тананинг биоритмларига зарарли таъсири туфайли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) корхоналардаги тунги сменаларни соғлиқ учун зарарли деб тан олди.

Уйқу ва генлар
Бир ҳафта давомида кўнгиллилар кечаси 8 соат ўрнига 6 соат ухлайдиган тажриба ўтказилди. Шу вақт давомида танадаги 711 геннинг фаолияти бузилган. Генлар ярмининг фаоллиги ошган, қолган ярми эса камайган. Эътиборлиси, саратон, сурункали яллиғланиш, стресс ва натижада юрак-қон томир касалликларига сабаб бўладиган генларнинг фаоллиги ҳам ошган. Иммунитет учун жавобгар бўлган генларнинг фаоллиги эса камайди.

“Тўйиб ухлаш” мумкинми?
Қоида тариқасида, узоқ вақт ухлаш унга эҳтиёж билан бирга келадиган касалликларнинг натижасидир. Обструктив уйқу апноеси (ухлаш пайтида нафас тўхташи), депрессия, вирусли инфекциялар ва гипотиреоз (қалқонсимон без фаолиятининг пасайиши) билан боғлиқ муаммоларга дуч келадиган одамлар керак бўлганидан кўпроқ ухлашади.

Ухлаш сифати инсоннинг ҳаёт тарзига бевосита таъсир қилади. Биоритмларнинг бузилиши одамларнинг тез уйқуга кетишдан кўра секин уйқу фазаси босқичида уйғонишига олиб келади. Агар бу мунтазам равишда такрорланиб келса, у ҳолда одам ўзини бўшанг ва ҳорғин ҳис қилади. Келажакда бу сурункали чарчоқ, уйқусизлик, юрак-қон томири тизими билан боғлиқ муаммоларга олиб келади.

Уйқу сифатини қандай яхшилаш мумкин?
Афсуски, танада уйқусизлик хуружини қайтаришга қодир тизим мавжуд эмас, аммо биз уйқу сифатини яхшилай оламиз ва хавфни сезиларли даражада камайтирамиз. Фақат оддий қоидаларга риоя қилиш кифоя:
- ётишдан олдин спиртли ичимликлар ва қаҳвадан сақланиш;
- ҳар куни бир вақтда ётишга одатланиш;
- хонадаги ҳарорат салқин бўлиши, 18 даража маъқул.
Ёдингизда бўлсин, уйқу ҳаёт учун энг кучли оби ҳаёт ва инкор этиб бўлмайдиган биологик эҳтиёждир.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.