Ваҳдоният туйғуси билан яшайдиганлар ҳаётдан кўпроқ рози экан
Ваҳдоният туйғуси билан яшайдиганлар ҳаётдан кўпроқ рози экан, деб ёзмоқда minbar.uz. Америка психология ассоциацияси эълон қилган тадқиқот хулосасига кўра, борлиқда барча нарса ўзаро боғлиқ, ягона моҳиятга эга деб ишонувчилар ҳаётдан кўпроқ қониқиш олар экан.
Бошқача айтганда, ҳар нарсанинг ҳикмати бор деб ишониш, табиатда ва жамиятда мақсадга мувофиқ тартиботни кўра олиш – ваҳдоният туйғуси кишига руҳий кўтаринкилик беради.
Ўз ҳаётидан қониқиш, мазмунли ҳаёт кечириш ҳар бир инсоннинг истаги бўлгани учун барча динларда ва фалсафий таълимотларда ҳаёт маъносини топиш, англаш муҳим ўрин тутади.
Манҳайм университетидан (Германия) тадқиқотчи Лаура Мари Эдингер Шонс 7137 одам (ўртача ёши 38) ўртасида сўров ўтказган.
Сўровда турли динларга эътиқод қилувчилар – католиклар, протестантлар, яҳудийлар, буддистлар, мусулмону ҳиндуистлар, шунингдек, ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиганлар қатнашган.
Сўровда уларга бирлик, ижтимоий бирдамлик, табиатга боғлиқлик, эмпатия ва ҳаётдан қониқиш борасидаги муносабатларини очиқловчи саволлар берилган.
Ваҳдоният туйғуси яккахудолик эътиқодини эмас, балки бутун борлиқнинг ягоналиги, ўзаро боғлиқлигига ишониш ва буни ҳис қила олишдир. Пантеизм ёки тасаввуфдаги “ваҳдати вужуд” таълимоти ваҳдоният туйғусини яхшироқ ифодалайди.
Қатнашчиларнинг муносабати, кайфияти доимий ёки онийлигини аниқлаш учун сўров 6 ҳафтадан сўнг қайта ўтказилган.
Тадқиқотда бирлик, ваҳдоният шкаласи бўйича юқори кўрсаткич қайд этганларнинг ҳаётдан қониқиш даражаси ҳам юқорилиги, бу икки шкала ўртасида кучли алоқадорлик борлиги аниқланган.
“Ваҳдоният ишончи муайян шароитга хос кайфият ёки туйғудан каттароқ нарса. У умуман ҳаётга бўлган муносабатни акс эттиради”, – дейди тадқиқотчи.
Ваҳдоният туйғусининг динлар ва диний эътиқод билан қай даражада боғлиқлигини ўрганиш учун сўров яна бир марта ўтказилган. Бунисида 67 минг киши қатнашган.
Диний эътиқоднинг бор-йўқлиги эмас, балки ўша диний эътиқодда ваҳдоният туйғуси қанчалик намоён бўлгани муҳим.
Сўров натижасига кўра мусулмонларда ваҳдоният туйғуси, ўртача олганда, бошқаларникидан юқорироқлиги аниқланган.
Даҳрийлар бу шкалада энг паст кўрсаткич қайд этган.
Тадқиқотчи сўров Германияда ўтказилгани, шу боис хулоса бошқа ҳудудлар аҳолиси учун ҳам тўғри келади деб бўлмаслигини таъкидлаган.