Ваҳимадан захира яратишга ҳожат йўқ

Дунё аҳлини синовдан ўтказаётган “тождор” вирус юртимизда ҳам аниқлангач, кўпчилик ваҳимага берилиб, бозорлардан озиқ-овқат ва бошқа турдаги истеъмол товарларини захира қилишни бошлаб юборди.
“Бозорларда нарх-наво ошган, ун, ёғ, шакар, картошка нархи бир неча баробарга ошиб, бозор ва дўконларда тугаб қолаётганмиш. Шунинг учун бу маҳсулотлардан қиммат бўлса ҳам кўпроқ ғамлаб қўйиш лозим”.
Шу хаёлда бозорлардаги “олибсотар”нинг айтган нархига қоплаб маҳсулот ташиганлар ҳам анча бўлди. Ҳақиқатан ҳам маҳсулот танқисми? “Сиёб деҳқон бозори”да бўлиб, шу саволга жавоб изладик.
Бозордаги олибсотарлар бир неча кун аввал икки минг сўмдан сотилаётган картошкани беш минг сўмдан, пиёз ва сабзи 2500 сўмдан, ёғ 10-10,8 минг сўмдан сотилмоқда.
- Бозорларда нарх-навонинг барқарор сақланиши ва Наврўз умумхалқ байрами арафасида ички бозорларни асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида Самарқанд шаҳри ҳамда туманлардаги деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди, - дейди вилоят бозорлар уюшмаси раҳбари Тоҳир Мамадалиев. – Бунинг учун “Сиёб савдо тайёрлов” корхонаси, Булунғур, Самарқанд, Ургут туманларидаги фермер хўжаликлари томонидан 10 тоннага яқин гуруч, гўшт, картошка, сабзи, пиёз, карам, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб, арзон нархларда сотиш бошланди. Бозордан деярли икки баробар арзон нархда сотилаётган маҳсулотлар ярмаркаси Самарқанд шаҳридаги барча бозорларда ташкил этилди. Нархлар асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш учун солиқ ва бошқа идоралардан масъуллар бириктирилди. Бозор атрофлари тартибга келтирилди, кўчада савдо қилувчилар расталарга кўчирилди. Маҳсулот етарли даражада захира қилинган ва савдо нуқталарида тақчиллик юзага келмайди.
Ярмаркада “Самарқанд дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори”, “Мармар деҳқон бозори”, “Табиат саховати”, “Дамариқ деҳқон бозори”, “Темирйўл деҳқон бозори”да кунига 5 тоннадан бир қопи 135 минг сўмдан ун савдосини ташкил этди.
Бозорлар ва савдо марказларидаги бир кунлик маҳсулот талашишдан сўнг озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари пасая бошлади.
- Нарх-наво ошгани ва одамлар маҳсулотни захира қилаётганини эшитгандим, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Фарҳод Назаров. – Бу гапларга ишониб-ишонмай бозорга келсам ташвишланишга ҳожат йўқ, барчаси аввалгидай, маҳсулот мўл. Элнинг ташвишидан ҳам фойда кўзлаган айрим олибсотарларнинг маҳсулотлари бироз қимматроқ. Мисол учун гўшт 45-48 минг сўм атрофида, бошқа маҳсулотлар ҳам деярли аввалги нархида. Оиламизга етарли маҳсулотларни харид қилдим.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.