Вакант лавозимларга ўтказилаётган танловлар шаффофми?

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасида давлат фуқаролик хизматига кириш танлов асосида амалга оширилиши, 29-моддасида давлат фуқаролик хизматининг бўш турган (вакант) лавозимини эгаллаш махсус ваколатли давлат органи (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги)нинг ахборот тизими (vacancy.argos.uz - портали) орқали ўтказиладиган танловлар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши белгиланган.

Мазкур қонун ва қарор талабларидан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 10 январь – 10 август ҳолатига Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали – vacancy.argos.uz портали орқали 1431 та танлов эълон қилиниб,
интернет нашрларида ёритиб борилди.
Эълон қилинган танловларга 30 858 нафар номзодлар иштирок этиш учун ариза топширган бўлиб, бир вакант лавозимга ўртача 22 нафар номзод тўғри келмоқда.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган ва лавозим учун белгиланган малака талабларига мос деб топилган 12 557 нафар номзодларнинг билими test.argos.uz орқали синовдан ўтказилиб, шундан белгиланган бални қўлга киритган 3 231 нафар номзодлар суҳбат босқичига ўтказилди.
Агентликнинг вилоят филиали томонидан танловлар белгиланган талаблар асосида ўтказилиши устидан назорат ўрнатилган. Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига асосан жорий йилнинг шу кунига қадар 13 маротаба мониторинг ишлари олиб борилди ҳамда 22 та ҳолатда танлов ўтказиш тартиблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.

Йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича вилоят бошқармалари ҳамда маҳаллий ҳокимликларга 13 та тақдимнома, 7 та огоҳлантириш, 5 та маъмурий таклифлар киритилди.
Натижада аниқланган барча қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилиб, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси тизимида 9 нафар, Қўшработ тумани ҳокимлигида 6 нафар, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси тизимида 4 нафар, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси, Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги тизимида 1 нафардан танловсиз (танлов ғолиби аниқлангунига қадар вазифасини бажарувчи қилиб) ишга қабул қилинган ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган кадрлар ишига масъул бўлган ходимлардан 1 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 3 нафарига “Ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. Яна 2 нафар ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
Хулоса ўрнида шуни эслатиб ўтмоқчимизки, давлат фуқаролик хизмати тадбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлардаги маъмурият лавозимларига ходимларни танловларсиз, тўғридан-тўғри ишга қабул қилиш қонун талабларининг бузилиши деб баҳоланади. Шу сабабли, барча раҳбарлар огоҳликка чақирилади.

Фозилжон Ахатов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали бош инспектори.