Валюта операцияларини амалга ошириш соддалаштирилди

Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ҳужжат валютани тартибга солиш соҳасидаги амалда бўлган 5 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификация қилиш орқали қабул қилинди ва 2020 йил 1 сентябрдан кучга кирди.

Мазкур Қоидалар билан валюта операцияларини амалга оширишда қуйидаги янгиликлар жорий этилди:

➖ жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга оширишда улардан паспорт нусхаси талаб қилиш билан боғлиқ норма чиқариб ташланди;

➖ банклар томонидан мижозлар билан валюта операцияларини амалга оширишда ортиқча вақт ва ҳужжатлар талаб этилиши билан боғлиқ нормалар бекор қилинди;

➖ хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларини конвертация қилиш жараёнлари ҳамда чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларни банклар томонидан кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилди;

➖ валюта биржаси савдоларида иштирок этиш учун мижознинг ҳисобварағида қатъий равишда маблағлар резерв қилиниши бўйича талаб бекор қилинди;

➖ сотиб олинган маблағлардан фойдаланиш борасида қўшимча қулайликлар яратилди, хусусан, банк мижозларининг махсус валюта ҳисобварағига турли хил сабабларга кўра қайтиб тушган валюта маблағларидан такроран фойдаланиш имконияти яратилди;

➖ Марказий банк томонидан айирбошлаш шохобчаларини рўйхатга олиш ва уларга гувоҳномалар бериш амалиёти бекор қилинди;

➖ айирбошлаш операцияларини расмийлаштириш тартиби, валюта айирбошлаш шохобчаларида ходимлар сони, хавфсизлик талаблари, уларни мониторинг қилиш ва бошқа талаблар тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармони билан 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилган, бундан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мустасно.