Ватан байроғи - аждодлардан мерос тинчлик маёғи

Хабар берганимиздек, Самарқандда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбир Регистондан бошланди. Майдон марказида ҳарбийлар иштирокида 20х40 метр ўлчамдаги байроқ ёйилиб, унинг атрофини қўлларида туғ тутган ёшлар ўраб олиб, ўзига хос манзара ҳосил қилинди. Буни маҳаллий ва хорижий сайёҳлар катта қизиқиш билан кузатиб турди.

- Самарқанд мафтункор шаҳар, - дейди франциялк сайёҳ Кристофер Гифт. – Айниқса Регистон ансамбли. Бугун бу майдон  янада чирой очган. Айнан мамлакатингиз байроғи қабул қилинган кун арафасида Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турганимдан хурсандман. Байрамда иштирок этиб, чиройли байроқларни кўтарган ўзбек ёшлари билан суратга тушдик. Ўзимга эсдалик учун видеотасвирга ҳам оляпман. Бу мен учун шараф.

Катта байроқни кўтарган ҳарбийлар, велосипедли ёшлар, ички ишлар ва миллий гвардия бошқармаси отлиқ ва мотоцикл отрядлари, техника воситалари Регистондан Кўксарой майдони томон ҳаракатланди.

Байрам мазкур майдондаги улкан байроқ остида маданий-маърифий тадбир билан давом этди. Тадбирда шоир ва ёзувчилар ҳамда таниқли санъаткорларнинг чиқишларида Ватанимиз байроғи мадҳ этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов иштирок этди.

Санага бағишланган вилоятнинг асосий байрам тадбирлари куннинг иккинчи ярмида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм масканида Ҳаво шари ёрдамида байроғимизни самога учириш билан якунланади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).