Ватан байроғи – ғуруримиз

Хабар берганимиздек, Самарқандда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган тадбирларбўлиб ўтди.

Тадбир Регистон майдонидан бошланди.

20х40 метр ўлчамдаги байроқни кўтарган ҳарбийлар, ёшлар, ички ишлар ва миллий гвардия бошқармаси отлиқ ва мотоцикл отрядлари техника воситалари Кўксарой майдони томон ҳаракатланди. Байрам мазкур майдондаги улкан байроқ остида маданий-маърифий тадбир билан давом этди.

Санага бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда нишонланди.

- Тоғлар этагида, қир-адирлар бағрида жойлашган корхона ва ташкилотларимиз биноларининг юқори қисмида давлатимиз байроғи ҳилпираб туради, - дейди Қўшработ тумани ҳокими ўринбосари Холбек Кўбаев. – Бу албатта, бизга ўзгача ғурур бағишлайди. Давлатимиз байроғи қабул қилинган кунни қўшработликлар ҳам тантанали кутиб олди. Ҳокимлик биноси ёнидан туман марказидаги болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳудудигача корхона ва ташкилотлар ходимлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари байроқларни баланд кўтарган ҳолда ҳилпиратиб, юриб борди. Бу, албатта, аҳоли, хусусан, ёшларнинг юртга бўлган меҳрини, Ватан байроғига бўлган ҳурматни оширишга хизмат қилади.

Тадбирларда шоир ва ёзувчилар ҳамда таниқли санъаткорларнинг чиқишларида ҳам Ватанимиз байроғи мадҳ этилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).