“Ватанпарварлик ойлиги” ёшларнинг шижоатини оширмоқда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари ташаббуси билан “Самарқанд китоб олами“ маънавий-маърифий мажмуасида “Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда тарихшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги 84112-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари иштирок этиб, Самарқанд шаҳридаги 64-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари ҳамда ўқувчи-ёшларга Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ватанпарварлик тимсолида акс этувчи Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви, ҳарбий санъати ҳақида тушунчалар берди.
– Шу каби тадбирларда қатнашишга қизиқаман, – дейди мактаб-интернат ўқувчиси Иброҳим Эргашбоев. – Бундай учрашувлар орқали қизиққан ва билмаганларимиз ҳақида маълумот оламиз. Бугун Амир Темур бобомизнинг ҳарбий юришлари ва қаҳрамонликларидан бохабар бўлдик.
Тадбир сўнгида аскарлар томонидан ҳарбий ватанпарварлик ғоялари сингдирилган куй-қўшиқлар ижро этилди.
Бобохон ПЎЛАТОВ.