Коронавирус пандемиясини бартараф этиш учун 1000 кишига мўлжалланган Ҳарбий-тиббий госпиталь ташкил этилди (фото)
Коронавирус туфайли халқимиз жиддий синовли дамларни бошдан кечирмоқда. Айни вазиятда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳам коронавирус Covid-19 касаллигига қарши курашиш мақсадида бор имкониятларни сафарбар этишга тайёр.
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 24 март тунги соат 00:00 дан бошлаб Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириш-чиқиш тақиқланди. Назорат-ўтказув пунктларида ҳарбий хизматчилар 24 соат давомида навбатчилик қилишмоқда, карантинга олинган ҳудудларни қўриқлашни амалга оширяпти.
Тошкент ҳарбий округига қарашли умумқўшин полигонида ташкил этилган 1000 кишилик Ҳарбий-тиббий госпиталь ана шундай мақсадларга хизмат қилади.
Бу ерда қабул-саралаш, санитар-ўтказиш, санитар ишлов бериш, изоляция каби бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. Госпиталда рентген, электрокардиография, ультратовуш текшируви, ўпка тўқималарини текширувдан ўтказиш пункти, умумий қон ва пешоб таҳлили, биокимёвий таҳлил лабораториялари ҳамда ҳарбий-тиббий мобил марказ мавжуд бўлиб, келгусида Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий-клиник госпиталининг малакали шифокорлари фаолият олиб боради. Айниқса, дала шароитидаги госпиталнинг қабул-саралаш пунктида ўрнатилган биабокс касаллик тарқалишининг олдини олишда жуда самарали қурилмадир.
– Мазкур биабоксимиз ўта юқумли касалликка чалинган ёки ана шу ҳолат бўйича шубҳа қилинаётган беморни сақлаш учун мўлжалланган. Бунда биринчидан, ташқи муҳитдаги бошқа инсонларга, иккинчидан, шифокорларга ҳам инфекция юқиш хавфининг олди олинади, – дейди Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталининг бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Худойқул Раҳимқулов. – Бу қурилмада беморни ҳатто суткалаб сақлаш мумкин. Беморга зарур муолажаларни қилиш, кислород бериш, овқатлантириш кабилар ҳам қурилма ташқарисидан туриб амалга оширилади.
Шунингдек, ўта юқумли касалликка чалинган беморни бир манзилдан иккинчи манзилга етказишга мўлжалланган тиббий замбил ҳам эътиборимизни тортди.
– Ушбу замбил орқали беморни 72 соатгача белгиланган тиббиёт муассасасига етказиш имкониятимиз мавжуд, – дейди полковник Худойқул Раҳимқулов.
Мутахассиснинг таъкидлашича, махсус замбилда беморга ҳаво етказиб берувчи кичик қурилма мавжуд бўлиб, у зарядланадиган батарея орқали ишлайди. Замбилда бемор муҳофазаланган ҳолатининг ўзида унга муолажа қилиш ҳам мумкин.
Дала ўқув майдонининг бошқа бир қисмида беморлар учун зарур шароитларга эга бўлган чодирлар ҳам ўрнатилди. Уларда карантинда сақланаётган фуқаролар овқатланиши, ювиниши, дам олиши ва бошқа қулайликлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Шунингдек, бу ерда она ва болалар учун махсус жойлар ташкил этилди.
Албатта, бундай синовли кунларда ҳар бир вазирлик ва идора, ҳар бир фуқароларимиз тезроқ ушбу офатнинг чекиниши учун ўз ҳиссасини қўшмоқда. Халқимизнинг, “касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул”, деган нақли айни ҳаётий ҳақиқат. Мудофаа вазирлиги Радиацион кимёвий-биологик муҳофаза қўшинлари томонидан пойтамиздаги бозорлар, савдо ва кўнгилочар марказлар ва бошқа одам гавжум бўладиган 20 га яқин объектларда амалга оширилган дизенфекция ишлари юртдошларимизнинг миннатдорлигига сабаб бўлди.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус пандемиясига қарши курашда энг самарадор усуллардан бири қатъий интизом ва белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиш. Барча мутасадди ташкилотлар, жумладан, Ватан посбонлари халқимиз манфаати, саломатлиги йўлида хизматда экан, фуқароларимиз ҳам ушбу касалликнинг олдини олишда имкон қадар жорий тартиб-қоидаларга риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Бобур ЭСОНОВ,
Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.