“Танк биатлони” халқаро мусобақасига Ўзбекистон армияси танкчиларининг асосий таркиби саралаб олинди (фото)

Марказий ҳарбий округга қарашли “Фориш” тоғ дала ўқув майдонида 8 та танкчилар жамоаси ўртасида мусобақа бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҳарбий журналист, капитан Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди.

Ўзбекистон армияси “Арми-2019” Халқаро мусобақада 13 та йўналиш бўйича қатнашган эди. “Танк биатлони” мусобақаси ўзбек танкчилари илк марта қатнашиб, биринчиликни қўлга киритгани айни ҳақиқат. Бу сафарги рақиб жамоалар энг профессионал ва анчагина номдор эканлигини инобатга олиш лозим. Сабаби, ҳалқаро мусобақа шартларига кўра, “Танк биатлони” йўналиши икки босқичда - илк марта қатнашаётганлар ҳамда иккинчи ва кўп бора иштирокчи танк экипажларига бўлинади. Ўзбекистон танкчилари эса халқаро даражадаги мусобақага 5 ой олдин тайёргарлик кўришни бошлади. Демак, ютуқлар ҳам салмоқли бўлади.

Якка тарздаги пойга машқларида устунлар орасидаги ва портловчи мина тўсиқли йўлакдан ўтиш, танкка қарши чуқурлик, сувли тўсиқ, йўлакли кўприк макети, эскарп кўприги, қиялик ҳамда қўрғон каби 10 та асосий элементлар бажарилди.

Шунингдек, мусобақа шартида 600 метрдан то 1800 метргача бўлган ҳар хил шаклдаги 7 та нишонлар яксон қилиниши кўзда тутилган.

Жамоаларнинг ҳар бирида халқаро тоифадаги мусобақага қатнашиш истаги кучли. Чунки улар томонидан дунё армиялари танкчилари ўртасидаги чемпионатда ғолиблик қўлга киритилса, округ, мудофаа вазирлиги ҳамда халқаро даражада шон-шуҳратга, навбатдан ташқари ҳарбий унвон ва бир қатор имтиёз ҳамда тақдирланишларга сазовор бўлади.

Округ миқёсида энг илғор танк экипажини саралаб олиш осон бўлмади. Кичик сержантлар Ғ.Абсаматов, Ў.Собиров ҳамда А.Ҳайруллаев бошқарувидаги танк бирор тўсиққа урилмасдан 26 дақиқа 38 сонияда маррани босиб ўтиб, 1-ўринга муносиб топилди.

Лейтенант Ж.Рўзиев, сержант Ж.Имомназаров, ШАҲХ оддий аскар Ш.Дўстмуродов эса устунлар орасидаги йўлакдан бошқа барчасини мусобақа шартларида кўрсатилгандек, 30 дақиқа, 13 сонияда бажариб иккинчи бўлди.

3-ўринда эса 32 дақиқа 14 сония билан кичик сержант А.Назиров, А.Акбаров ҳамда ШАҲХ оддий аскар Н.Жумаев назоратидаги танк оловли йўллакдан бошқа барча элементларни тўлиқ бажариб, марра чизиғидан ўтди.

Бошқа жамоалар ҳам фахрли ўрин учун жиддий кураш олиб борди. Саралашдан ўтган округ танкчилари Мудофаа вазирлиги жамоасининг асосий қисмини ташкил этди ҳамда Ўзбекистон армияси шарафини халқаро мусобақанинг бир йўналишида ҳимоя қиладиган бўлди.