Вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд туризм марказида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Самарқанд туризм марказида амалга оширилаётган ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни жорий этиш ишлари билан яқиндан танишди.
Қурилаётган марказ туристик хабга айланиб, бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит яратилади. Самарқанд туризм марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш учун марказда ахборот коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш доирасида АКТ вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, объектлар юқори тезликдаги узлуксиз интернет ва тўғридан-тўғри халқаро телефон алоқаси билан таъминланди. Шу билан бирга, Самарқанд туризм марказигача бўлган 5 километр масофада алоқа тармоқларини қуриш ишлари бажарилди.
Марказ компьютер ва нусха кўчириш ускуналари, проекторлар ва экранлар, шунингдек зарур бошқа махсус ускуналарни ажратишда, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун компьютерлар, Wi-Fi ва бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 41,5 километр алоқа тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида алоқа тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатига асосан 39,3 километр узунликдаги алоқа каналлари қурилди.
Учрашув давомида Ш.Шерматов амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар билан яқиндан танишиб, улар юзасидан топшириқлар берди. Шу ҳудудда мобил алоқа сифатини янада яхшилаш ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида мобил таянч станцияларини ўрнатиш ва барча мобил алоқа операторларини сифатли ишлашини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.