Вазир ўринбосари Каттақўрғон шаҳридаги умумтаълим муассасалари билан танишмоқда
Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Каттақўрғон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур ишчи гуруҳи аъзоси, Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Каттақўрғон шаҳридаги умумтаълим мактабларида бўлиб, шаҳардаги умумтаълим муассасалари фаолиятидаги муаммолар, мактаблар моддий-техника базасидаги камчиликлар билан танишди.
Вазир ўринбосари вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов ҳамроҳлигида Каттақўрғон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим-тарбия жараёнлари учун яратилган шароитлар, мактабнинг моддий-техника базасининг аҳволи, ўқитувчилар салоҳияти, малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёж, муассасаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Бугунги кунда мактаб директорларининг масофадан ишни ташкил этиши, онлайн дарсларда ўқувчиларнинг фаол иштирокини таъминлашда ота-оналар билан ҳамкорликнинг ҳолати билан танишмоқда. Мактаблардаги санитар-гигиеник талабларга риоя этилиши, бу борадаги камчиликлар вазир ўринбосарининг эътибор марказида бўлди.
Дарҳақиқат, Каттақўрғон шаҳридаги умумтаълим муассасалари фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар тўлиқ ўрганилиб, мактабларни комплекс ривожлантириш, замонавий билимларни эгаллаган, юксак қобилиятли ўқувчи-ёшларни камолга етказиш, муассасаларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалага оширилади.
Халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаевнинг умумтаълим мактабларидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.