Виждон эркинлиги: қонунчиликда нималар ўзгарди?

Ўзбекистонда қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган. Ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсат халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлаб, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги қонунда аниқ кўрсатилди.

Қонун аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Муҳим енгилликлар жорий этилмоқда

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқариб, уларни кўриб чиқишнинг муддати 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.

Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди.

 

Диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

Жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқиши, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишининг олдини олиш мақсадида диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди. Давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар эса уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қонунда диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилиниб, диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлди.

Жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш қонунда белгилаб қўйилди.

Давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Жаҳолатга қарши маърифат билан курашилади

Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Ўзбекистонда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади. Уларнинг ўзаро тинч, тотув ва ҳамкор фаолият кўрсатиши Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу боис, қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.

Умуман, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятли.

Мирзо Ихтиёров,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.