Вилоят 4-сектор раҳбари сайёр қабулларида 522 нафар фуқаро томонидан 873 та муаммоли масала билдирилди
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда секторлар муҳим ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ҳудуди ҳамда Тойлоқ, Жомбой, Булунғур ва Оқдарё туманлари вилоят 4-сектор раҳбарига бириктирилганини таъкидлаш лозим.
Ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ҳудудидаги 259 та маҳаллада 147 минг 490 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 841 минг 673 нафар аҳоли яшайди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига бириктирилган ҳудуддаги 177 та маҳаллада 112 минг 556 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 627 минг 993 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
— Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари ташаббуси билан кам таъминланган ва имконияти чекланган 24 нафар оиланинг яшаб турган уй-жойлари таъмирланиб, уларга зарур қурилиш моллари етказиб берилди, — дейди вилоят 4-сектор котиби Шерзод Аллаёров. — Жумладан, Пайариқ тумани Олмазор маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилшода Тўраеванинг яшаб турган уй-жойи тўлиқ таъмирланди. Туман-шаҳар 4-сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларида уйма-уй юриб ўтказилган ўрганишлар натижасида реабилитация-техник воситаларига муҳтож имконияти чекланган пенсионер ва ногиронларнинг 26 нафарига ҳасса, 35 нафарига қўлтиқтаёқ, 13 нафарига эшитиш мосламаси ва 24 нафарига ногиронлар аравачаси тарқатилди.
Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда халқ билан мулоқот, юртдошларимизнинг дардини тинглаш, улар билан юзма-юз учрашиш муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг туманлардаги шахсий сайёр қабуллари белгиланган жадвал асосида ўтказилмоқда. Сайёр қабулларда 522 нафар фуқародан 873 та муаммоли масалалар келиб тушди. 194 та масала жойида қаноатлантирилиб, 580 та мурожаатга асосли тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 87 та мурожаат тегишлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.
Вилоят 4-сектор раҳбари ташаббуси билан кам таъминланган ва имконияти чекланган 28 та оилага тиббиёт анжомлари — ногиронлик аравачаси, қўлтиқтайёқ, ҳасса ва дори-дармонлар етказиб берилди. Хусусан, Нуробод туманида яшаётган ногиронлиги бор 12 нафар фуқарога 10 миллион сўмлик тиббиёт буюмлари тақдим этилди. Ургут туманининг Юқори калангар ва Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи имконияти чекланган фуқароларга 2 та ногиронлик аравачаси ва керакли тиббиёт анжомлари берилди.
Пайариқ тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини Гарай қишлоғида ўтказилган сайёр қабулда аҳолидан ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан мурожаат келиб тушган эди. Ушбу масала ҳам ижобий ҳал қилиниб, 3 километр масофадан қувур тортиб келиш учун ҳомийлар ёрдамида 15 миллион сўм тақдим этилди.
Қисқача айтганда, амалга оширилаётган ишлар замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, бунёдкорлик ва яратувчиликка йўғрилган ишларни ҳаётга татбиқ этиш, юртдошларимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртасига юксак ишонч билан яшашини таъминлаш, пировардида юртимизни барқарор тараққий эттиришдек эзгу ниятлар ётибди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.