Вилоят эмас, туман депутати ойлик оладиган бўлади

Бу масала Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида, аниқроғи жорий йилги Давлат дастурида белгиланган. Қайд қилинган янгилик вазифа май ойигача амалга оширилиши режалаштирилган.

Белгиланишича, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларида айрим депутатларнинг доимий асосда ишлаш тартиби жорий қилинади. (Айни пайтда 5 тадан штат бирлигида Кенгаш ишини мувофиқлаштирадиган котибиятлар фаолият кўрсатяпти.)

Янги тартиб жорий қилинса, котибиятга қўшимча тарзда туман ва шаҳарлардаги вакиллик органларида айрим депутатлар учун доимий иш жойи ташкил қилинади.

Улар Олий Мажлис Сенатидаги доимий асосда ишловчи сенаторлар каби Кенгашда ишлайди. Яъни, бюджетдан иш ҳақи олади.
(Меҳнат қонунчилигида иш ҳафтаси 40 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.)

Эслатиб ўтамиз, депутат тегишли ҳудудни ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ва бошқа бир қанча ваколатларга эга.