Вилоят ҳокими шахмат бўйича жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамовани тақдирлади
Италияда ўтказилган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпионига айланган самарқандлик 14 ёшли Афруза Ҳамдамова Самарқандда тантанали кутиб олинди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Афруза, унинг отаси ҳамда устози Акбар Ҳакимовнинг жаҳон чемпионатидаги тарихий ғалабаси билан табриклади. Уларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
- Ғалаба нафақат меники, балки оила аъзоларим ва халқимизники ҳам, - деди шахмат бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова. – Бу жуда қийин ғалаба бўлди. Рақибларимнинг барчаси тажрибали шахматчилар эди. Бунинг устига виза сабабли мусобақага кечикиб бордим ва биринчи турни очкосиз ўтказиб юбордим. Рақибларимга қарши бир неча йилдан буён ўйнаб келганим сабабли, қандай юришларни амалга оширишини ёддан билардим. Асосий ўйинларда қора рангларда ўйнаш қийинчилик туғдирди. Агар улар хато қилсагина менинг ғалаба қозониш имкониятим ошарди. Хато қилмаса, ўйин дуранг билан якунланарди.
Рақибларимнинг асосий камчилиги охирида эндшпилда яхши ўйнай олмаслиги бўлди. Шу сабабли қайси рангда ўйнашимдан қатъи назар эндшпилда ғалаба қозондим. Энг катта мақсадим - Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш, аёллар ўртасида энг ёш гроссмейстерга айланиш.
Ф.РЎЗИБОЕВ.